Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 73-сессиясида депутатлар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Лола Бойназарованинг «Аёллар дафтари» бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботини ҳам муҳокама қилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, «Аёллар дафтари»нинг 3-босқичига 57 мингдан ортиқ хотин-қизлар киритилган бўлиб, ҳозирги кунда уларнинг 56 минг 114 нафарига, яъни қарийб 98,4 фоизига моддий ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Бошпанасиз, оғир шароитда яшаётган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани «Бордомкўл» МФЙ да барпо этилган кўп қаватли уйлардан 29 та хонадон Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Яшнобод туман ҳокимликлари қошидаги «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан сотиб олинди, ҳозирги кунда ҳам бу ишлар давом эттирилмоқда.

Хонадонлар ижтимоий уй сифатида туман ҳокимликлари балансига ўтказилади ва 5 йил муддатга «Аёллар дафтари»га киритилган бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларга ажратилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг май ойида «Аёллар дафтари»га киритилган ёлғиз оналарнинг фарзандларини боғчага имтиёзли рўйхат асосида қабул қилиш тартиби янгиланганди.