Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти ва Росатомнинг «ТВЭЛ» ёқилғи компанияси ўртасида ядровий объектларни эксплуатациядан чиқариш ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим имзоланди, деб хабар қилди Росатомнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Ҳужжат АтомЭкспо-2022 халқаро форуми доирасида институт директори Илҳом Садиқов ва «ТВЭЛ» президенти Наталя Никипелова томонидан имзоланди.

Шартномада радиоактив чиқиндиларни олдиндан чиқариб олишни ташкил этган ҳолда бинолардан бирини, шунингдек, институт ҳудудида жойлашган паст активли чиқиндиларни сақлаш омборини фойдаланишдан чиқариш лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, томонлар МДҲ ҳудудида ядровий меросга барҳам бериш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда биргаликда иштирок этиш ниятида.

«„ТВЭЛ“ радиоактив чиқиндилар ва фойдаланилган ядро ёқилғисини йўқ қилиш, бошқариш бўйича Ҳамдўстлик давлатларининг таянч ташкилотидир, — дейилади ҳисоботда. — Ўз навбатида, Ядро физикаси институти нафақат Ўзбекистонда, балки минтақанинг бошқа мамлакатлари ва МДҲда ҳам лойиҳаларни амалга оширишда талабга эга бўлиши мумкин бўлган ядровий бэкэнд (таъминот) соҳасида ҳам бир қатор компетенцияларга эга».

«Тошкент Ядро физикаси институти комплекс муҳандислик ва радиация тадқиқотлари, фойдаланишдан чиқариш ва радиоактив чиқиндилар билан ишлаш хавфсизлигини таҳлил қилиш, баҳолаш ҳамда асослаш соҳасида юқори даражадаги компетенцияларга эга. Институтнинг ядровий бэкэнд соҳасидаги амалий вазифалари ва имкониятлари МДҲ таянч ташкилотининг иш режаларини шакллантиришда ҳисобга олиниши бўйича келишувга эришилди», — деди «ТВЭЛ» президенти Наталя Никипелова.

Хабарда таъкидланганидек, Ядро физикаси институти фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиладиган ВВР-СМ тадқиқот реактори, циклотрон, чизиқли тезлаткич, гамма-нурлари қурилмаси ва нейтрон генератори кабиларни ўз ичига олган кучли илмий-техник инфратузилмага эга.

Росатом томонидан таъкидлаганидек, «ТВЭЛ»нинг таянч ташкилот сифатидаги фаолияти ядровий объектларни эксплуатация ва ҳудудларни реабилитация қилиш бўйича лойиҳа ҳамда дастурларни амалга оширишда, шу жумладан ядровий материалларни сақлаш иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланишда кўмаклашишни ўз ичига олади.