19 ноябрь куни бўлиб ўтган ўттиз бешинчи ялпи мажлисда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун кўриб чиқилди, деб хабар берди Сенат матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, қонун нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнларини тубдан соддалаштириш, давлат божидан озод қилиш, давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятларига аниқлик киритиш орқали енгиллик яратишга қаратилган.

Жумладан, қонун билан вафот этган фуқаронинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия таъминотига нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришда давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланди.

Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган тўловлар миқдорини фуқаролар учун тушунарли тарзда баён этилишини ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида давлат божи ставкалари оптималлаштирилди.

Қонунга асосан мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаганлик ёки унга ўзгартиришлар киритганлик учун белгиланган давлат божи миқдорлари икки баробарга камайтирилади.

Гаров, ипотека ва лизинг шартномаларини, қарз шартномаларини ҳамда автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун табақалашган давлат божи ставкалари бирхиллаштирилиб, ягона ставка миқдорида белгиланди.

Шу билан бирга автомототранспортдан текин фойдаланиш шартномалари ва ишончномаларни тасдиқлаганлик учун қариндошлиги бўлмаган бошқа шахслардан ундириладиган давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробаридан 2 баробарига камайтирилади.

Бундан ташқари, фуқаролар ўртасида қарз шартномасини тузишда ва ижро этишда эҳтимолий низоларни олдининг олиш, судлардаги иш юкламасини камайтириш мақсадида, қонун билан чет эл валютасида ушбу турдаги шартномаларни нотариал тартибда расмийлаштиришда давлат божи миқдорини 2 бараварга камайтириш назарда тутилган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.