Президентнинг «Тўмарис» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон мудофаа қудратини юксалтириш, жамиятда ҳукм сураётган миллатлараро тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асрашга муносиб ҳисса қўшаётган аёл ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш максадида «Тўмарис» кўкрак нишони таъсис этилди.

Кўкрак нишони вазирлик ва идоралар раҳбарлари (ёки уларнинг топшириғига мувофиқ, бошқа масъул шахслар) томонидан 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида тантанали равишда топширилади.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ миллий кинематография соҳасини ривожлантириш, бадиий ва ғоявий жиҳатдан етук фильмлар яратиш, миллий фильмларни кенг тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшган шахслар учун «Kinematografiya fidokori», экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асрашда салмоқли натижаларни қўлга киритганлар учун «Табиат ҳимоячиси», маҳаллада соғлом турмуш тарзини туну кун тарғиб қилган, бу борада шахсий намуна бўлган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун «Халқ саломатлиги посбони» кўкрак нишонлари ва «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони таъсис этилганди.