Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва банкларнинг комплаенс-назорати тузилмалари кредит пул маблағларининг талон-торож қилингани билан боғлиқ бир қатор ҳолатларни аниқлади. Бу ҳақда департамент матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Қорақалпоғистонда «Б.С.» корхона мансабдор шахслари ҳудудий тижорат банки филиалидан чорвачиликни ривожлантириш учун ажратилган кредит маблағларининг 3,3 млрд сўмини бошқа мақсадларда сарфлаб, талон-торож қилгани аниқланди.

Шу каби ҳолат Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида ҳам аниқланди. Маълум бўлишича, «Sh.A.» ва «H.M.» жамият масъул шахслари ва бошқалар парранда ва озуқа еми сотиб олиш учун «Sh.A.» корхонасига ажратилган 2 млрд сўм кредитни «H.M.» га ўтказиш орқали нақдлаштириб олган.

Шунингдек, Наманганнинг Поп туманида «S.S.» МЧЖ раҳбари ва иш юритувчиси ҳудудий тижорат банки филиалидан корхонага аёллар гўзаллик салони ва фитнес спорт тўгарагини ташкил этиш учун ажратилган имтиёзли кредит эвазига харид қилинган спорт анжомлари ва жиҳозларини сотиб юбориб, жами 1,2 млрд сўм кредит маблағини ўзлаштирган, дейилади департамент хабарида.

Департаментнинг Ғузор туман (Қашқадарё) бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, фуқаро Р.К. яқин қариндоши номидан «Н.S.» деҳқон хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиб, чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида ажратилган 700 млн имтиёзли кредит маблағини бошқа мақсадларда сарфлаб юборгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.