Ўзбекистон президенти Францияга келди

Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташриф билан келди. У Эммануэл Макрон билан учрашиб, Лувр ва Араб дунёси институтида Ўзбекистоннинг қадимий маданияти кўргазмаларининг очилишида иштирок этади. Ташриф доирасида 14 та ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.

Онкология маркази, унинг пойтахт ва Тошкент вилояти филиаллари бир комплексга бирлашади

Тошкентнинг Шифокорлар кўчасида Онкология марказининг янги бирлашган комплекси барпо этилмоқда. Унда Онкология маркази, унинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиали жойлаштирилади. Бўшаган 3 та бино сотувга қўйилди.

«Аёллар дафтари»га киритилган бошпанасизларга ижтимоий уй берилади

Пойтахтнинг Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Яшнобод туман ҳокимликлари қошидаги «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан 29 та хонадон сотиб олинди. Хонадонлар бошпанасиз, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларга ижтимоий уй сифатида берилади.

Самарқандда ўзи ва уч боласини сувга ташлаган аёл қамоққа олинди

Самарқанд туманида қайнонаси билан келишолмай, ўзи ва 3 боласини «Дарғом» каналига ташлаган 26 ёш аёлнинг фарзанди мурдаси орадан 10 кун ўтиб канал қирғоғидан топилди. Аёл ва унинг икки боласи воқеа вақтида сувдан чиқариб олинган эди. Ҳозирда онага нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.

Ҳафта давомида ҳарорат одатдагидан юқори бўлиши кутилмоқда

Сешанба кунидан бошлаб иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан қуруқ ва илиқ ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда. Ҳарорат +15…+20 даража атрофида бўлиб, баъзи жойларда эса +23 даражагача кўтарилади. Республика бўйлаб айрим ҳудудларда туман тушиши мумкин.

Тоқаев расман президент сайлови ғолиби деб эълон қилинди. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Тоқаевни «ишончли ғалаба» билан табриклади

Экзит-полл натижаларига кўра, 20 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президент сайловида Қосим-Жомарт Тоқаев ғалаба қозонди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқот чоғида уни сайловдаги «ишончли ғалаба» билан табриклади.

Сурхондарёда аҳоли йўлни тўсиб қўйди

Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманида маҳаллий аҳоли таъмирталаб кўчага мутасаддиларнинг эътиборини қаратиш мақсадида йўлни тўсиб қўйди. Вилоят ҳокимлиги йўлни 2023 йил бошида таъмирлашни ваъда қилмоқда.

Ҳарбий аёллар учун «Тўмарис» кўкрак нишони таъсис этилди

Президент қарори билан «Тўмарис» кўкрак нишони таъсис этилди. У мудофаа ва жамиятда тинчлик ҳамда барқарорликни асрашга ҳисса қўшаётган аёл ҳарбий хизматчиларга берилади.

«Туркистонбанк» омонатчиларининг маблағлари муддатидан аввал қайтарилади

Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди Кузатув кенгашининг қарорига кўра, 21 ноябрдан «Туркистон банк» омонатчилари ўз маблағларини қайтариб олиш ва омонатга қўйиш юзасидан агент-банк сифатида танланган «Қишлоқ қурилиш банк»га мурожаат этишлари мумкин бўлади.

Таэквондо WT бўйича Мексикадаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонликлар 4 та медаль олди

Таэквондо WT бўйича Мексикадаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон терма жамоаси 4 та медаль: 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза билан якунлади. Унда жами 16 нафар ўзбекистонлик спортчи қатнашди.

Тошкентда 5 баллик магнит бўрони кузатилмоқда

21 ноябрь куни Тошкентда 5 баллик магнит бўронлари кузатилмоқда. Бўрон таъсири соат 11:00 га бориб 4 баллга, 17:00 га бориб эса 3 баллгача пасаяди.

Бир қатор нотариал хизматлар учун давлат божи камайтирилади

Сенаторлар томонидан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тасдиқланди. Унга кўра, мол-мулкни ижарага бериш, қарз шартномаларини тасдиқлаш, автомобилни бошқариш учун ишончнома олишда тўланадиган давлат божи миқдори камайтирилади.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати тафсилотлари:

Жаҳон чемпионатида мезбон мамлакат илк бор очилиш ўйинида мағлубиятга учради. Очилиш маросимидан лавҳалар

20 ноябрь кечаси ЖЧ-2022'нинг илк учрашувида мезбон Қатар терма жамоаси Эквадор билан учрашди ва ЖЧ тарихида илк бор мезбон мамлакат илк учрашувда мағлубиятга учради.

ЖЧ-2022: Англия — Эрон учрашувида саккизта гол киритилди

Доҳада ЖЧ-2022 B гуруҳидаги илк учрашув 6:2 ҳисобида якунланди. Ўйинга ҳакам жами 24 дақиқа (14+10) қўшиб берди. Англия терма жамоаси Эронни йирик ҳисобда мағлуб этиб, ҳозирча гуруҳда пешқадамга айланди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Абдулла Қодирий боғи «узоғи билан Наврўзгача» фойдаланишга топширилади

Мартда реконструкция учун 3 ойга ёпилган Тошкентдаги Абдулла Қодирий боғи ҳануз очилмади. Ҳозиргача парк таъмири учун 5 млрд сўм сарфланди, 7 ноябрь куни эса пойтахт депутатлари яна 35 млрд сўм ажратди. «Газета.uz» меҳмонхоналар қуршовида қолаётган паркдан репортаж тайёрлади.

АҚШ элчиси — Ўзбекистоннинг хорижий инвесторлар учун ижобий ва салбий томонлари ҳақида

АҚШ элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистондаги хорижий инвесторлар учун тўсиқлар ва имкониятларни санаб ўтди. «Очиғини айтаман, қонун устуворлиги, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва коррупция билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам мавжуд, бироқ плюслар орасида ўқимишли мутахассислар ва катта бозор бор», — деди у.

Ўзбекистон француз сармоядорлари учун нимаси билан жозибадор? Жамшид Ходжаев жавоб берди

Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсат тамойиллари, қулай сармоявий муҳити, табиий ресурсларнинг кўплиги, «имтиёзли пакетлар» ва бошқа афзалликлари туфайли француз сармояси учун мақбул манзилга айланиши мумкин, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Парижда бўлиб ўтган бизнес-форумда.