3 ноябрда Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида ўзи ва ёш фарзандларини «Дарғом» каналига ташлаган 26 ёшли аёлнинг боласининг мурдаси орадан 10 кун ўтиб, канал қирғоғидан топилди. Самарқанд вилоят прокуратураси аёлга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилганини маълум қилди.

«Газета.uz» аввалроқ, 1 ноябрь куни Самарқанд туманида 26 ёшли аёл қайнонасига «аччиқ қилиб», ўзи ва болаларини сувга ташлагани, оқибатда болаларнинг икки нафари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди. Воқеадан сўнг вилоят ИИБ бошлиғи иштирокида ўтказилган йиғилишда «маҳалла мутасаддиларининг фаолияти қониқарсиз» деб баҳоланганди.

Аёл қайнонаси билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро жанжал оқибатида вояга етмаган 3 нафар фарзандлари билан бирга яшаш уйидан чиқиб кетиб, ота-онасининг уйига борган.

3 ноябрь куни у вояга етмаган қизини онасининг уйидан, ўғилларини эса боғчадан олиб чиқиб, Самарқанд тумани «Янгиариқ» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Дарғом» каналининг олдига келган. Ўзи ва фарзандларини ўлдириш мақсадида сувга ташлаб юборган вақтида «Оқ-амур» номли ошхонада ёлланма ишчи бўлиб ишловчи фуқаролар аёл ва унинг 2 фарзандини сувдан чиқариб олган, бироқ бир фарзанд воқеа жойида вафот этган.

13 ноябрь куни аёлнинг вояга етмаган фарзандининг мурдаси «Дарғом» каналининг қирғоғидан топилган.

Ҳолат юзасидан А.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасига хизмат текширувлари тайинланди. Ҳозирда Самарқанд вилояти прокуратураси дастлабки тергов ҳаракатларини олиб боряпти, дейилади хабарда.