2022 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон давлат қарзи қолдиғи 26 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 35,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг «Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳи»да маълум қилинди.

Шундан, давлат ташқи қарзи — 23,2 млрд доллар, ички қарзи — 2,77 млрд долларни ташкил этади.

Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатлар иқтисодиётига бағишланган ҳисоботига кўра, давлат қарзи бугунги кунда «мўътадил» даражада ҳисобланади.

Маълумот учун, 2021 йил давомида Ўзбекистон давлат қарзи 2,9 млрд долларга кўпайиб, 26,3 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 38 фоизни ташкил этганди. Ташқи қарзнинг 25,2 фоизи ёки 5,9 млрд доллар давлат бюджети учун жалб қилинган.


Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

Давлат қарзини макроиқтисодий барқарор даражада сақлаш ва уни самарали бошқариш юзасидан амалга оширилаётган чоралар ҳамда миллий валюта алмашув курсининг барқарорлиги шароитларида республика иқтисодиётининг юқори суръатлар билан ўсишининг таъминланиши натижасида 2021 йилдан бошлаб давлат қарзининг ЯИМга нисбати барқарорлашиши кузатилди.

Хусусан, I ярим йиллигида ЯИМ реал ўсиш суръати 5,4 фоизни ташкил этди, валюта курси ўзгариши барқарор (0,2 фоиз) даражада деярли ўзгармаган ҳолда сақлаб қолинди.

Шу билан бирга, йил бошидан давлат қарзи қолдиғи (АҚШ доллари эквивалентида) бир фоизга камайди. Бунда, давлат бюджети тақчиллигининг молиялаштирилиши ва инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида қарз маблағларининг ўзлаштирилиши билан бирга 792,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги давлат қарзи сўндирилди.

Диверсификация натижасида январь-июнь ойлари давомида давлат ташқи қарзи портфели таркибидаги валюта курсларидаги ўзгаришлар (япон иенаси, СДР ва евро) қарз қолдиғининг камайишига олиб келди.

«2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунига мувофиқ 2022 йил учун ҳукумат номидан ва давлат кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ доллари миқдорида, чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 6 трлн сўм миқдорида белгиланди.

Ўтган 6 ой давомида янги имзоланган давлат ташқи қарз битимларининг ҳажми 1,6 млрд АҚШ долларини ҳамда Давлат бюджетини молиялаштириш учун чиқарилган давлат қимматли қоғозларининг соф ҳажми 2 трлн сўмни ташкил этди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

Давлат ташқи қарзи

Давлат ташқи қарзи қолдиғи I ярим йиллиги давомида 302,9 млн АҚШ долларга камайиб, 23,3 млрд АҚШ долларни ёки ЯИМга нисбатан 31,4 фоизни ташкил этди. Шундан, Ўзбекистон номидан жалб қилинган ташқи қарз — 16,9 млрд АҚШ долларни ёки давлат ташқи қарзининг 72,8 фоизини, давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз — 6,4 млрд АҚШ долларни ёки давлат ташқи қарзининг 27,2 фоизини ташкил этди.

Давлат ташқи қарзининг тармоқлар кесимида тақсимоти

Январь-июнь ойлари якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 25,8 фоизи ёки 6,0 млрд АҚШ доллари давлат бюджетини қўллаб- қувватлашга, 11,8 фоизи ёки 2,7 млрд АҚШ доллари электр-энергетика соҳасига, 12,8 фоизи ёки 3 млрд АҚШ доллари энергетика соҳасига, 10,6 фоизи ёки 2,5 млрд АҚШ доллари транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 10,4 фоизи ёки 2,4 млрд АҚШ доллари қишлоқ ва сув хўжалигига, 9,5 фоизи ёки 2,2 млрд АҚШ доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.

Давлат ташқи қарзининг иқтисодиёт тармоқлари кесимида тақсимланиши (01.07.2022 й. ҳолатига)

Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

Шунингдек, Халқаро молия институтларидан жалб қилинган давлат ташқи қарзи қолдиғининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5,4 млрд АҚШ доллари), Жаҳон банки (4,4 млрд АҚШ доллари) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд АҚШ доллари) ҳиссасига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташқи қарзни қонун нуқтаи назаридан олаётгани, қолаверса, шунинг ҳисобига ҳам ойлик, ҳам метро бўлаётганини таъкидлаганди.

Аввалроқ Молия вазирлиги прогнозларига кўра, 2022 йил якунига давлат ташқи қарзи 30,4 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 41 фоизни ташкил этиши хабар қилинган эди.

Август ойининг бошида эса сенаторлар давлат қарзи тўғрисидаги қонунни маъқуллаганди. Бу кўрсаткичнинг максимал миқдори ЯИМга нисбатан 60% этиб белгиланган. Давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкин. Уни самарали бошқариш учун эса уч йиллик стратегия ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Сенаторлар саволига жавобан молия вазири ўринбосари Одилжон Исаков бу кўрсаткич олдинга қўйилган мақсад эмаслигини маълум қилганди.

«Бу лимит юқори чегара, мақсад эмас. Ҳозирги кунда давлат қарзининг ЯИМга нисбати 37 фоизни ташкил қиляпти. Йил охирига бориб, бу 40 фоиз атрофида бўлиши кутиляпти. Яъни, биз яна 20 фоиз буфер олганмиз», — деган эди у.