Ўзбекистон фақат Франция компаниялари учун барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминланган алоҳида саноат зонасини ажратишга тайёр. Бу ҳақда 18 ноябрь куни Парижда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Франция бизнес-форумида бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

«Бу имкониятлар билан бир қаторда, биз француз ҳамкорларимиз сармоя киритаётган соҳаларга қараб [маҳсулотларни] харид қилиш, ҳар қандай имтиёзлар каби анча қулай шарт-шароитларни тақдим этишга тайёрмиз. Франциялик ҳамкорларимизнинг илмий ишланмалар, инновациялар ва технологияларнинг Ўзбекистон инфратузилмаси ва кадрлар салоҳияти билан уйғунлиги келажакдаги қўшма лойиҳаларнинг барқарор ривожланишини таъминлашига ишонамиз», — деди у.

Бош вазир ўринбосари ҳамкорликда кўриб чиқиш мумкин бўлган энг истиқболли йўналишларни санаб ўтди.

Биринчидан, яшил энергетика. Ўзбекистонда иқлим шароити туфайли қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш учун катта имкониятлар мавжуд.

Қабул қилинган стратегияга мувофиқ, Ўзбекистонда 2026 йилгача муқобил манбалардан олинадиган энергиянинг умумий ишлаб чиқаришдаги улушини 25 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

«Шунингдек, илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш, амалий тадқиқотлар учун шарт-шароит яратиш, қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича мутахассислар тайёрлаш ниятидамиз. Биз яшил лойиҳаларга хорижий сармояларни янада кўпроқ жалб қилишдан манфаатдормиз ва француз ҳамкорларимиз ушбу лойиҳаларда иштирок этишини мамнуният билан қабул қиламиз», — деди вазир.

Иккинчи йўналиш — банк-молия сектори. Ўзбекистон бу борадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, жумладан, соғлом рақобатни шакллантириш, хорижий банкларни фаол жалб этиш, давлат банклари улушини бир неча бор қисқартириш, самарали фонд бозорини яратиш ниятида.

«Шу нуқтаи назардан, қўшма сармоявий лойиҳаларни кўпайтиришда бозоримизда Франция банкларининг мавжудлиги муҳим аҳамиятга эга. Биз Франциянинг етакчи банкларини, жумладан Societe Generale, Crédit Agricole ва бошқа кўплаб банкларни Ўзбекистон банк секторини хусусийлаштириш жараёнида иштирок этишга таклиф қиламиз», — деди Жамшид Ходжаев.

Учинчи йўналиш — автомобилсозлик ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш. Ўзбекистон Марказий Осиёда тўлиқ ишлаб чиқариш цикли ва маҳаллийлаштириш даражаси 60 фоиздан ортиқ бўлган ягона автомобиль ишлаб чиқарувчисидир. Бугунги кунда автомобиль ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми йилига 300 минг автомобилдан ошади.

Сўнгги йилларда юзлаб турли автокомпонентларни маҳаллийлаштириш бўйича корхоналар ташкил этилди. Шу билан бирга, мамлакат йилига 2 млрд доллардан ортиқ бутловчи қисмларни импорт қилишда давом этмоқда. «Биз йилига 500 мингтагача автомобиль ишлаб чиқаришни мақсад қилганмиз. Бу йўналишда биз француз ҳамкорларимиз билан ҳамкорликнинг катта истиқболларини ҳам кўриб турибмиз», — деди у.

Тўртинчи йўналиш — фармацевтика саноати. Марказий Осиёда фармацевтика бозорининг сиғими 6 млрд доллар, жумладан, Ўзбекистонда 2 млрд доллар.

Бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, Ўзбекистон минтақада дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланади. Мамлакат ички бозор эҳтиёжларининг 50 фоизини қоплайди. Маҳаллий фармацевтика корхоналари қўшни давлатларда ҳам фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми сўнгги 5 йилда қарийб 5 баробарга ошди. 30 га яқин оригинал дори воситалари ишлаб чиқилган.

«Франциянинг бу борадаги катта тажрибаси ва имкониятларини инобатга олиб, француз дўстларимизни биргаликда онкологик, антибактериал, кардиопротектив ва бошқа ҳаётий зарур дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга таклиф қиламиз», — деди Жамшид Ходжаев.

Бешинчи йўналиш — озиқ-овқат саноати. Ўзбекистон мева-сабзавот етиштириш бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Мамлакатда йилига 22 млн тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилиб, уларни қайта ишлаш улуши атиги 15 фоизни ташкил этади.

«Биз виночилик, чорвачилик, боғдорчилик ва уруғчилик, шунингдек, кластер усулидан фойдаланган ҳолда органик деҳқончиликни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун агросаноат комплексимизни ривожлантиришга француз технологиялари, билим ва тажрибасини жалб этиш ниятидамиз», — дея таъкидлади вазир.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 21−22 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Парижда бўлади.