Тошкент аэропортининг божхонаси 16 ноябрь куни Мисрдан учиб келган аёлнинг 1 бош Нил тимсоҳи боласи, 3 бош игуана ва 3 бош (тўрсимон, йўлбарс ва хондра зотига мансуб) питон болаларини ноқонуний олиб ўтишга уринишини фош этди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев «Газета.uz»га маълум қилди.


Аёл багаждаги маҳсулотларни декларациялашни талаб қилмайдиган «яшил» йўлакдан ўтаётганида безовталанган ва шубҳали хатти-ҳаракатлар қилган. Бу ҳолат божхоначилар эътиборини тортган.


Багажни рентген ва эндоскоп орқали кўриш вақтида аёлнинг юклари орасидан ичига экзотик жониворлар яшириб қўйилган иккита ширинлик қутиси аниқланган.


Шундан сўнг аэропортга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари таклиф қилинган. Қутилар улар келганидан кейингина очилган.


Жониворларни олиб ўтишга уринганликда гумон қилинаётган аёл бу ишни бировнинг илтимосига биноан маълум бир ҳақ эвазига қилганини таъкидлаган.

Жониворлар зудлик билан Тошкент ҳайвонот боғига келтирилган ва кўрикдан ўтказилган. Кўрикда иссиқ иқлим шароитларига мослашган жониворлар самолётнинг ҳарорат паст даражада бўладиган юкхонасида ва ўта зич жойлашган қутилар ичида келтирилгани боис аҳволи қониқарсизлиги маълум бўлган. Илон ва игуаналардан айримларининг таналарида замбуруғлар аниқланган.

Жониворлар ҳозирда карантинда, мутахассисларнинг доимий назорати ва парвариши остида сақланмоқда.


Ўзбекистонга ёввойи ҳайвонларни фақат Давлат экология қўмитаси органларининг рухсати билан олиб кириш мумкин. Ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари аниқланганида, жониворлар олиб қўйилади.

ДБҚдан қўшимча қилишларича, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, олиб қўйилган рептилияларнинг умумий баҳоси 77 млн сўмдан ошмоқда.


Аввалроқ Қоҳирадан келган ўзбекистонлик талабалар мева-сабзавот солинган контейнерларда 57 та тимсоҳ ва 10 та буқаламунни «бировнинг илтимоси»га кўра олиб ўтмоқчи бўлган вақти Тошкент аэропортида ушланганди. Кейинчалик ушбу жониворлардан 1 бош тимсоҳча ва 6 бош буқаламун нобуд бўлганди.