Тошкентнинг Сергели туманидаги қурилиш майдонида кўтарма кран қулади (ижтимоий тармоқларда тарқалган видеохабарларда воқеа Янгиҳаёт туманида содир бўлгани таъкидланган эди). Ҳодиса 19 ноябрь, шанба куни соат 11:20 ларда юз берган, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) матбуот хизмати.

Воқеа Сергелининг Чоштепа кўчасида қурилаётган кўп қаватли уй майдончасида юз берган. Авария жойига туман ФВ бўлими раҳбар ходимлари ва тегишли ташкилотлар масъуллари етиб борган.

Фото: Сергели тумани ҳокимлиги

Ҳозирда вазият тафсилотлари ўрганилмоқда. ФВВнинг алоҳида қайд этишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.

2021 йили январида Навоий вилоятида минорали кран қулаши оқибатида бир биши жароҳатланган эди. Шу каби ҳодиса ўша йил октябрида Самарқандда ҳам юз берган, унда кран юк оғирлигини кўтара олмай, ағдарилганди.

Сергели тумани ҳокимлиги: «Кранда одам бўлмаган»

Фото: Сергели тумани ҳокимлиги

Сергели туман ҳокимлиги воқеа жойига бориб, вазият билан танишган. Маълум қилинишича, воқеа тумандаги Omega Agro Stroy компанияси томонидан кўп қаватли уйлар қурилаётган жойда юз берган.

Ҳокимлик матбуот хизмати объектнинг қурилиш бўйича иш бошқарувчиси И.Норалиев берган маълумотга таяниб хабар беришича, 19 ноябрь куни эрталаб ёғингарчилик натижасида ер юмшаши туфайли краннинг ерга чўкиш ҳолати аниқланган. Бундай ҳолатнинг хавфли бўлгани боис кранни демонтаж қилишга қарор қилинган.

Соат 9:00 ларда техник хизмат кўрсатиш фирмаси томонидан кранни демонтаж қилиш ишлари бошланган ва демонтаж вақти кран ўзи ерга чўкиши оқибатида қулаган.

Ҳокимлик матбуот хизмати қулаган вақти кранда одам бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

«Туман ҳокимлиги матбуот хизмати бир кун олдин шу кранни бошқарган 1995-йилда туғилган И.Мадиев билан юзма-юз суҳбатда бўлди. Кран бошқарувчисининг сўзларига кўра, у ҳақиқатдан ҳам бир кун олдин кранни бошқарган. Аммо 19 ноябрь куни эрталабки демонтаж ишлари туфайли кранга чиқмаган ва умуман бошқармаган», — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Фото: Сергели тумани ҳокимлиги

Иш бошқарувчи И.Норалиевнинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳудуднинг 90 фоизи хавфсиз, ёғингарчиликдан сўнг ишчилар ўз ишини давом эттиради, йиқилган кран эса утилизация қилинади.

Ҳокимликнинг қўшимча қилишича, вазият ФВВ, ички ишлар ходимлари ва Сергели туман ҳокимлигининг масъуллари томонидан тўлиқ назоратга олинган.