Сўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони ошгани кузатилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 18 ноябрь, жума куни 92 та ҳолат қайд этилган, шундан 71 таси Тошкент шаҳрида.

Яна 10 нафар бемор Тошкент вилоятида аниқланган. Бухоро вилоятида — 3 нафар, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида 2 киши ковидга чалингани маълум қилинди. Қашқадарё ва Сурхондарёда ҳам 1 киши вирус юқтиган.

Маълумот учун, пайшанба куни 69 кишининг ковид юқтиргани расман тасдиқланганди, чоршанба куни — 61, сешанба куни — 48, душанба куни — 21 киши. Таққослаш учун, октябрь ойида кунлик касалланиш кўрсаткичи 28 тадан, сентябрда эса 21 тадан ошмаган эди.

Ўзбекистонда 2020 йилнинг март ойидан бери жами 245 минг кишида коронавирус аниқланди, улардан 1637 нафари расмийлар томонидан коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этгани тан олинади.