Ўзбекистон Сенатининг 19 ноябрь куни мажлисида Олий суд раиси ўринбосари сайланди ва Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритилди, дея хабар бермоқда парламент юқори палатаси ахборот хизмати.

Хабар беришланича, Шухрат Тагаймуратович Полванов судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги 10 йиллик муддатига, Олий суд раисининг ўринбосари — иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига беш йил муддатга сайланган.

Шухрат Полванов бунгача Олий Мажлис Қонунчилик палтаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари эди.

Сенат қабул қилган қарорга мувофиқ, Гулнора Анваровна Мирзаева, Абдикамал Абдималикович Абдикаримов ва Аскар Танирбергенович Бекманов Олий суднинг судьяси лавозимига 10 йиллик муддатга сайланди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Шунингдек, М.А.Назаров, Ж.И.Гайбуллаев, Б.А.Наимов, А.К.Тўхташев Олий суднинг судьяси лавозимидан озод этилди.

Маълумот ўрнида, 2017 йилдан бери Олий судга раислик қилган, 13 июлда лавозимга қайта тайинланган Козимжон Комилов 10 август куни истеъфога чиқарилганди. Унинг ўрнига президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаётган Бахтиёр Исломов раис этиб сайланганди.