Тошкентда 19 ноябрь куни 20 ёшли аёл Шаҳидлар хотираси хиёбонидан оқиб ўтувчи Бўзсув каналига ўзини ташлади, дея хабар бермоқда «Дарё».

Дастлабки маълумотларга кўра, 20 ёшли аёл оилавий жанжал туфайли ўзини сувга ташлаган. Ҳолатни кўрган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари — Наврўз Эгамберганов ва Сарвар Ибодуллаев аёлни сувдан олиб чиққан.

Аёлни қутқарган Миллий гвардия ходимлари. Фото: «Дарё»

Шундан сўнг кўп сув ютиши оқибатида ҳушини йўқотган аёл зудлик билан «тез ёрдам» машинасида Юнусободдаги шаҳар 7-клиник касалхонасига олиб келинган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, аёл ҳушига келган, аҳволи барқарор.

Воқеа юзасидан тергов органлари суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Аввалроқ Самарқанд вилоятида қайнонаси билан урушиб қолган 26 ёшли аёл уч нафар фарзанди билан бирга ўзини Дарғом каналига ташлагани, оқибатда болаларнинг икки нафари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.