Президент 18 ноябрь куни «Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПҚ-427-сонли] қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Энди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимида Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси ҳамда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташкил этилади.

Касаба уюшмалари аъзоларининг фарзандлари дам олиши ва уларни соғломлаштириш харажатларининг бир қисмини жамғарма қоплаб беради. Бунда ҳар бир йўлланма учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 2 баравари (19 ноябрь ҳолатига — 600 минг сўм), бироқ йўлланма нархининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда оромгоҳларга компенсация тўланади.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10 фоизи ҳар чоракда жамғармага йўналтирилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари ўз ходимларининг фарзандлари учун сотиб олинган оромгоҳлар йўлланмалари нархининг 50 фоизигача, аммо ҳар бир йўлланма учун БҲМнинг 1 баравари (300 минг сўм)дан ошмаган қисми иш берувчилар томонидан компенсация қилиб берилиши мумкин.

Қарорда Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича республика комиссияси ҳам ташкил этилиши белгиланган.