18 ноябрь куни бўлиб ўтган Сенатнинг ялпи мажлисида молия вазири Тимур Ишметов бюджет маблағларини мақсадли ва тўғри ўзлаштириш масаласигаэътибор қаратди.

«Ҳақиқатдан ҳам бу [ўзлаштириш] масала узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган муаммо. Бу ишни ташкиллаштиришда бошқа вазирликларда ҳам тизимли муаммолар кузатилмоқда. Иккинчи томондан, бизни камчилигимиз, бюджетни шакллантиришдаги [ишловчи] интизомнинг йўқлигидир. Биз бирорта вазирликдан вақтида ва сифатли маълумот олмаганмиз. Бунинг ортидан тақдим этилган рақамлар қайта ва қайта кўриб чиқилади ва уларни амалга ошириш тасдиқланган бюджетни такрор кўриб чиқишни талаб этади», дейди Тимур Ишметов.

Вазир, шунингдек, ресурслар чекланган пайтда кўтарилаётган масалаларнинг муҳимлилик даражасини аниқлаштириб олишга ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади.

Шу билан бирга, молия вазири бюджетдан ташқари жамғарма ва ташкилотлар пулини ноқонуний ўзлаштириш масаласини ҳал этишда жамоатчилик назоратини кучайтириш кераклигини айтиб ўтди.

Давлат харидлари тўғрисидаги камчиликларни тўлиқ ёритмаслик ва ҳисоботларда таҳлил қилишнинг камлиги юзасидан берилган саволга молия вазири жавоб берди.

«Ҳисоботнинг янги шаклини тасдиқлаш бўйича бирламчи келишувимиз бор. Уни қонун билан тасдиқлаб, Қуйи палата розилигида келгуси йилдан тақдим этишни бошлаймиз. Давлат харидларида кузатилаётган камчиликларни яширишдан Молия вазирлиги ҳам ҳукумат ҳам манфаатдор эмас. Бунинг исботи сифатида фаолият юритаётган [давлат харидлари] портални келтиришимиз мумкин. Порталда ҳамма маълумотлар бор. Аммо сизлардан ва бошқа фойдаланувчиларнинг танқидларидан келиб чиқиб портални қайта ишлаб чиқдик. Тегишли халқаро молиявий ташкилотларнинг ёрдамини олиб, халқаро андазага мослаб, уларнинг грантларини олиб ишлаб чиқдик. Кейинги йил 1 январдан портал янги шаклда ишга тушади. Унда камчиликлар аниқ кўриниб турадиган бўлади», — дея жавоб берди молия вазири.

Шунингдек, Ишметов база катталиги сабаб оддий фойдаланувчи порталдан керакли маълумотни топишда қийналишини таъкидлаб, танқид ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда портални янада такомиллаштириш чораларини кўриб борилишини айтди.