Самарқанд вилоятининг Самарқанд тумани «Жарқишлоқ» маҳалласида яшовчи 26 ёшли аёл уч боласи билан бирга ўзини Дарғом каналига ташлаб юборди. Оқибатда болаларнинг икки нафари ҳалок бўлган, дея хабар бермоқда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати.
Воқеа 3 ноябрь куни содир бўлган. Хабар беришларича, аёл қайнонаси билан юз берган оилавий келишмовчиликдан сўнг унга «аччиқ қилиб» ўзини болалари билан бирга сувга ташлаган. Она ва болаларни ҳодиса юз берган жойдаги ошхона ишчилари сувдан олиб чиққан.
«Афсуски, фуқаронинг икки нафар фарзанди вафот этган. Ўзи ва яна бир фарзанди туман марказий шифохонасига олиб борилган. Шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, даволаниш учун шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган», — дейилади ИИБ ахборотида.
Ҳолат юзасидан Самарканд туман прокуратураси терговга қадар текширув олиб бормоқда.
Қўшимча қилинишича, ушбу ҳолат вилоят ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов томонидан жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинган. У фуқароларни «атрофдаги воқеаларга эътиборсизлик»да айблаган. Йиғилишда маҳалла мутасаддиларининг фаолияти қониқарсиз деб баҳоланган.
«Йиғилишда хонадонбай ишлаш, низоли, жанжалли хонадонлар, турмуш ўртоғи хорижда бўлган оилалар билан мунтазам суҳбатлар олиб бориш, назоратни йўлга қўйиш борасида тушунчалар берилди», — дейилади вилоят ИИБ ахборотида.