Самарқандда 17 ноябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Вазирлар икки минтақа ўртасида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, сув-энергетика, экологик ва ижтимоий-маданий соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашувда Европа Иттифоқи номидан Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати масалалари бўйича олий вакили Жозеп Боррель қатнашди.

Боррель учрашув якунлари бўйича қилган чиқишида глобал сиёсат ва иқтисодиётда Марказий Осиёнинг ўрни тобора сезиларли тус олаётганини таъкидлаб ўтди.

«Бир неча йил аввал Марказий Осиё ҳақида гапирарканмиз, эҳтимол, у [жаҳон кун тартибида] ҳеч қаерда йўқлигини таъкидлаган бўлардик. Бироқ бугун ҳаммаёқда Марказий Осиё мавзуси бор. Чунки ушбу минтақа жаҳоннинг яна ва янада ҳурматли қисмига — Европа ва Осиё ўртасидаги чорраҳага, икки қитъани боғлаш учун зарур бўлган инфратузилмаларни ташкил этиш учун янада кўпроқ саъй-ҳаракатларни йўналтиришимиз керак бўлган жойга айланмоқда. Бундай қараш кечаги кунда ҳам тўғри эди ва Россиянинг Украинага уруши фонида янада тўғрироқдир», — дея қайд этиб ўтди Жозеп Боррель.

У Марказий Осиё ва ЕИ ташқи ишлар вазирлари ўтган сафар бир йил аввал Душанбеда учрашганини ҳам эслаб ўтди.

«Бизнинг сўнгги учрашувимиздан бери дунё сезиларли ўзгарди. Ўзгарганда ҳам, яхши томонга эмас, — деди Европа дипломатияси раҳбари. — Украинага қарши Россия агрессиясининг Европа Иттифоқи учун, шунингдек, Марказий Осиё учун ҳам глобал оқибатлари бор. Уруш келтириб чиқарган зарба тўлқини ҳар иккала минтақага бирдек таъсир қилади».

«Агар кооперацияни сақлаб қолишни, ўзаро савдо қилишни, бутун дунё бўйлаб иқлим ўзгаришларига қарши курашишни, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва уюшган жиноятчиликни назорат қилиб туришни истасак, у ҳолда бизга янада кўпроқ ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик зарур», — деди Боррель.

«Россиянинг Украинага қарши уруши — бу халқаро тартибнинг бузилишидир. Шу боис биз энди аввалгидан-да хавфлироқ бир дунё билан тўқнаш келишимизга тўғри келади. Ва бу хавфга қарши туришнинг ягона йўли — янада кўпроқ ва яхшироқ ҳамкорлик қилишдир. Бу, таъбир жоиз бўлса, бугунги кундаги бош масала», — дея таъкидлади ЕИнинг олий вакили.

Европа дипломатиясининг раҳбари Афғонистон мавзусига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ўтган йили ҳамма Афғонистон ҳақида гапираётган эди, у энг асосий мавзу эди. Бугун Афғонистон матбуотнинг бош саҳифасида йўқ, аммо бу мавзу ҳамон мавжуд», — дея эслатиб ўтди Жозеп Боррель.

Дипломатнинг қайд этишича, «Толибон»нинг инклюзив сиёсий жараёнларни йўлга қўйиш, хотин-қизлар ва миллий озчилик вакилларининг базавий ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мажбуриятларини бажаришдан бош тортиши бутун минтақага соя солади. «Айни вақтда террорчилик ва уюшган жиноятчилик даражаси ошиб бормоқда ва сиз бунинг мамлакатларимизга таъсирини сиз ҳам кўришингиз мумкин. Минтақа мамлакатларининг Афғонистонга қўшни ҳудудларида қочоқларнинг кўплиги ҳам биз учун аҳамиятга эга масаладир», — дея қўшимча қилди у.

Жозеп Боррелнинг эслатишича, Европа Иттифоқи сўнгги тўрт йил давомида афғон халқига 400 миллион евро тақдим этган.

«Биз ушбу барча муаммолар ҳақида, хусусан, пандемиядан кейинги тикланиш ва иқлим билан боғлиқ вазият юзасидан уч соат давомида жуда батафсил гаплашиб олдик, — дея хулоса қилди дипломат. — Бу ҳолат муносабатларимизни янада кучлироқ қадрлашга ундайди».

«Европа Иттифоқи чегараларни бошқариш бўйича кўмак дастури доирасида Марказий Осиё чегаралари хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беришда давом этади», — деди у.

«Биз, шунингдек, минтақа мамлакатларини жойларда, ахборот муҳитида барқарорларни бузишга интилаётган дезинформацияга қарши кураш масаласида ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — дея таъкидлади Жозеп Боррель.

У 18 ноябрь куни Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича конференция бўлиб ўтишини ҳам эслатиб ўтди. Ушбу тадбирда Европа Иттифоқи минтақа мамлакатларига сув ва энергетика, рақамлаштириш ва транспорт соҳаларида аниқ лойиҳаларни таклиф қилиши кутилмоқда.

Европа дипломатиясининг раҳбари ўз нутқи якунида Украина портларидан донни хавфсиз олиб чиқиш бўйича Қора денгиз дон келишувининг узайтирилганини олқишлади. Бу ҳақда аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилиб, келишув яна 120 кунга узайтирилганини билдирган эди.

«Овқат ҳеч қачон уруш қуроли сифатида ишлатилмаслиги керак. Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашда давом этаётгани учун БМТ ва Туркияга ташаккур», — деди Боррель.