Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз бешинчи ялпи мажлиси 18 ноябрь куни чақирилади. Бу ҳақда қарор Сенат Кенгашининг 16 ноябрдаги йиғилишида қабул қилинди.

Сенаторлар мажлисда давлат божи, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар яратиш, корпоратив бошқарув тизими янада такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасидаги қатор қонунларни кўриб чиқади.

Шунингдек, «Измир Шартномасини (Измир, 1996 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий ҳадли Битимни (Тошкент, 2022 йил 29 март) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, сенат аъзолари 2022 йилнинг тўққиз ойи якуни бўйича давлат бюджети ижроси ва «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»га оид давлат дастурининг бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботларини эшитади.

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари ҳам сенаторлар муҳокамасида бўлади.

Йиғилишда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, Олий суд раисининг ўринбосарини сайлаш, Сенат Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш ҳам назарда тутилган.