Тошкент ҳайвонот боғида кўп йиллардан бери биринчи марта пантералар пайдо бўлди, деб хабар қилди ҳайвонот боғи матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Тўрт ёшли Тайфун ва урғочи Багира Wildlife Care.ҳайвонот боғи бошқарув компанияси ёрдамида олиб келинди.

Пантералар хода, тахталар билан жиҳозланган, ости қум бўлган турли вольерларга жойлаштирилди. Ички қисми сомон билан изоляция қилинган. Ўйнашлари учун улар йирик қушларнинг патларидан ясалган тўп ва ўйинчоқларга эга.

Пантералар мол гўшти ейишади, ҳафтада бир марта уларга қуён берилади, сут ва тухум ҳам диетага қўшилади.

«Вақт ўтиши билан улар ўзлари учун махсус мўлжалланган кенг очиқ майдонларга эга ажойиб экспозиция вольерларига ўтадилар», — деб таъкидлади ҳайвонот боғи.

Пантераларнинг териси тим қора рангга эга — диққат билан қаралса, унда доғларни кўриш мумкин. Табиатда пантералар асосан ёруғлик етишмайдиган қалин ўрмонларда яшайди. Табиатда урғочилар одатда 30−50 кг, эркаклари эса 50−75 кг вазн босади.

Бу ҳайвонлар ёлғиз турмуш тарзини олиб борадилар, фақат насл қолдирадиган мавсумда учрашади. Урғочиси уч ойлик ҳомиладорликдан сўнг, бир ёки иккита, камроқ учта болани дунёга келтиради.

Пантералар жуссаси кичикроқ бўлишига қарамай, йўлбарс ва шерларга қараганда хавфлироқ ҳайвонлардир, чунки улар анча фаол ва ҳаракатчан бўлишади.