Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 1,8 тонна истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотларини сотувга қўйилишининг олди олинди, дея хабар қилмоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Ўзбекистон туман бўлими томонидан ДХХ, ДСИ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, фуқаро Х.Х. яшаш хонадонида яширин цех ташкил қилиб, «T.Е.» МЧЖнинг маҳсулот ёрлиғидан фойдаланган ҳолда қалбаки ёғ маҳсулотларини қадоқлаш фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, жами 2 000 дона елим идишлардаги 1,8 тонна истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.