Давлат божхона қўмитаси ҳузурида божхонада олиб қўйилган товарларни сотиш билан шуғулланувчи «Божхона-сервис» давлат муассасаси ташкил этилади, деб хабар берди Norma.uz.

2023 йил 1 апрелга қадар давлат божхона хизмати органлари олиб қўйган ва давлат даромадига ўтказадиган мол-мулкларни электрон савдо платформалари ва савдо ярмаркалари орқали сотиш амалиётини жорий этиш, сотиш учун аутсорсинг асосида тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, қабул қилиб олиш, сақлаш ва сотишгача бўлган жараёнларни онлайн режимда мониторинг қилиш имконини берувчи ахборот тизимини ишга тушириш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.

Бундан ташқари, «Божхона-сервис давлат муассасасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • давлат ташкилотлари ва декларантлар учун шартнома асосида божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатларни тузиш, давлат божхона хизмати органларига тақдим этиш ҳамда товарларга доир божхона расмийлаштируви бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш;
  • чегара ўтказиш пунктларини назорат-техник воситалар билан жиҳозлаш, уларга сервис хизматлар кўрсатиш ва таъмирлаш, ушбу воситалардан фойдаланганлик учун пулли хизматлар кўрсатиш;
  • чегара ўтказиш пунктлари ва уларга туташ ҳудудларда автотураргоҳлар ташкил этиш ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган консалтинг хизматларини кўрсатиш;
  • давлат божхона хизмати органларига тегишли бўлган бино ва омборларда шартнома асосида божхона омборлари фаолиятини ташкил этиш, божхона омборларида товарларни сақлаш, юклаш, тушириш хизматларини кўрсатиш ҳамда бошқа юк операцияларини амалга ошириш;
  • божхона назорати зонасида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш;
  • қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат божхона хизмати органлари томонидан олиб қўйилган ва давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни сақлаш ва сотиш (қонунчилик ҳужжатларида бошқа давлат органларга бериладиган мол-мулклар бундан мустасно);
  • шахснинг давлат фойдасига воз кечиш тўғрисидаги қарори асосида олинган товарларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ сотилишини ташкил этиш ва бошқалар).

Муассаса ва унинг унинг ҳудудий бўлимлари бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 245 нафарни ташкил этади.