Риштон туманида тиббиёт ходимини калтаклаган шахсларга жиноят иши қўзғатилди, дея хабар берди Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 12 ноябрь куни соат 04:00 ларда Риштон тумани Оқтомир МФЙда яшовчи фуқаро Т.Т. туман тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилиб, отаси 1942 йилда туғилган Т.Ғ. нинг соғлиги ёмонлашганлигини маълум қилган.

Қўнғироққа жавобан тез ёрдам ходимлари Т.Т. нинг яшаш хонадонига бориб, беморга биринчи ёрдам кўрсатиб, унинг қон босими кўтарилганлиги сабабли туман марказий шифохонасига олиб кетаётган вақтида бемор Т.Ғ. вафот этган.

«Отасининг вафот этганлигидан ғазабланган Т.Т. ва унинг ўғли Ғ.Х.лар тез ёрдам ходими Б.З. ни уриб, унга тан жароҳати етказишган», дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Риштон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Миробод туманида эркак чақирувга келган «Тез ёрдам» ходими ва ҳайдовчисини калтаклагани ҳақида хабар берилганди.У ўша пайтда ноадекват ҳолатда ён-атрофдагиларга тажовуз қилаётгани маълум бўлган.