Ўз вақтида шаҳарнинг сокин ва салқин хиёбонларидан бири ҳисобланган, 2017 йили президент Шавкат Мирзиёев иштирокида халқ сайили тарзида ўтказилган Наврўз тантаналарига мезбонлик қилган Абдулла Қодирий боғи бир неча йилдан буён ўз бағрида кечаётган ўзгаришлар якунини кутади. Боғнинг тезда битиши ваъда қилинадиган реконструкциялари ҳақида 2019 йилдан бери гапирилади. Бу орада кўпчиликнинг назарида паркники бўлган, аммо расмий ҳужжатларда «паркка ёндош» ҳисобланган ҳудудларда кўп қаватли бинолар қурилди ва қурилмоқда.

Абдулла Қодирий боғи сўнгги бор 2022 йилнинг март ойида «уч ойлик реконструкция»га ёпилганди. Орадан 8 ой ўтди ҳамки, парк қайта ишга тушгани йўқ. 7 ноябрь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши боғ таъмири учун қўшимча 35 млрд сўм ажратишга қарор қилди. «Газета.uz» мухбирлари реконструкция ишлари билан танишиш ва унинг қачон очилишини билиш мақсадида паркда бўлди.

Охири йўқ «реконструкция лойиҳалари»

Абдулла Қодирий боғи Вазирлар Маҳкамасининг сайёр йиғилиши баённомаси ва Тошкент шаҳар ҳокими қарорига асосан, 2021 йилда шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Olmazor Business City дирекцияси балансига тезкор бошқарув ҳуқуқи билан ўтказилган. Дирекция 2022 йил мартида боғни янгилаш лойиҳасини жамоатчиликка тақдим этган эди.

Қайд этиш жоиз, бу Абдулла Қодирий боғини реконструкция қилиш бўйича охирги тўрт йилда жамоатчиликка кўрсатилган камида учинчи лойиҳа эди. Дастлаб, 2018 йил августида президентга «боғни замонавий паркка айлантиришга қаратилган лойиҳалар» кўрсатилганди. Эълон қилинган лойиҳавий таклиф суратларида аттракционларни, шунингдек, савдо-ҳунармандчилик расталарини кўриш мумкин.

2018 йил августида президентга кўрсатилган реконструкция лойиҳаси. Фото: Президент матбуот хизмати

2019 йил кузида пойтахт ҳокимлиги боғни янгилаш бўйича навбатдаги лойиҳаларни эълон қилди. Уларнинг бирида боғ ҳудуди 14 та зонага ажратилгани, зоналардан бири Абдулла Қодирий ижод мактаби ва кутубхона биносига, яна бири эса меҳмонхоналарга ажратилиши кўрсатилган. Иккинчи лойиҳада эса боғда «Абдулла Қодирий яшаб, ижод қилган давр руҳи акс этган» этно-парк ва этношаҳарча қурилиши айтилган эди (бу лойиҳа ҳақидаги материалларда боғ ҳудуди 16 гектар экани таъкидланади).

Боғни реконструкция қилиш доирасида зоналарга бўлиб чиқиш, 2019 йил. Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Айнан шу лойиҳада боғ ҳудудининг бир қисми меҳмонхона мажмуаси қуриш учун Япониянинг HIS Hotel Holding компаниясига берилиши ҳам билдирилганди. Этно-парк ва этношаҳарча қурилиши учун бюджет пуллари сарфланмаслиги, фақат инвестиция лойиҳаларидан келиб тушган маблағлар йўналтирилиши таъкидланган эди. «Маълум муддат эътиборсиз қолган, ўз жозибадорлигини йўқотган боғ, „севишганларнинг“ кечки учрашув жойи ва жиноят яратилишига қулай бўлиб қолган ҳилват ҳудуд тез орада кўркам, жозибадор, ёруғ ва обод масканга айланади», — дейилганди ҳокимликнинг ўша ахборотида.

Боғни реконструкция қилиш бўйича лойиҳавий таклиф сурати, 2019 йил. Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Боғ Olmazor Business City дирекциясига ўтказилгач (дастлабки хабарларда дирекцияга боғнинг ярми — 8 гектар қисми берилгани айтилганди), 2021 йил баҳорида навбатдаги реконструкция режалари маълум бўлди. Мутассаддилар энди бу ерда аттракционлар бўлмаслиги, боғ «экопаркка айлантирилиши»ни эълон қилди. Ўшанда Olmazor Business City дирекцияси раҳбари Умид Умаров боғ реконструкция учун уч ой муддатга ёпилаётгани, бунда лойиҳачилар «вақтни захираси билан олаётгани»ни, яъни боғни янгилаш учун уч ой етиб ортишини маълум қилган эди.

Парк қачон очилади?

Боғнинг таъмири, 2019 йилги режалардан фарқли ўлароқ, энди Olmazor Business City дирекцияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши керак эди. Умид Умаровнинг таъкидлашича, март ойида уч ойда якунига етиши айтилган реконструкция ишлари бошлангач, дирекция ҳисобидан 5 млрд сўмча пул сарфланган. Аммо кейинроқ кўп пул талаб қилгани боис ишлар тўхтаб қолган.

Умаровнинг айтишича, ишлар бошланишидан аввал реконструкцияга 30 млрд сўм атрофида маблағ сарфланиши режа қилинган. Пул етишмовчилиги сабаб ишлар тўхтаб қолгач, «боғ Қурилиш ва Иқтисодий тараққиёт вазирликларининг ишчи гуруҳлари томонидан экспертизадан ўтказилиб, хулосалар олинган». «Бунинг учун 5 ой вақт кетди», — деди дирекция раҳбари «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.

7 ноябрь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши вазирликлар тақдим этган экспертиза хулосаларига таяниб, парк реконструкцияси учун 35 млрд сўм ажратиш ҳақида қарор чиқарган. «Шу бўйича ишлаймиз, [харажатларни] бундан оширмасликка максимал ҳаракат қиламиз. Лекин нарх-наво кундан-кунга ўзгариб турибди, бунинг таъсир қилиш эҳтимоли бор», — дейди Умаров. Унинг қўшимча қилишича, қурилиш-таъмирлаш ишлари «яқин кунларда яна давом эттирилади ва баҳорга қадар давом этади».

«Боғни февраль ойида фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз. Аммо об-ҳаво туфайли бу муддатни чўзилиш эҳтимоли бор. Чунки қаттиқ совуқ, қор ёки ёмғир ёққан кунлари мутахассисларни ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун паркнинг очилиш маросими узоғи билан Наврўзда ўтказилади. Байрам муносабати билан халқ сайилини шу ерда ўтказиш ниятимиз бор», — деди Olmazor Business City дирекцияси директори.

Умид Умаров баҳордаги гапларни такрорлади — бу ерда аттракционлар бўлмайди, ҳудуд экопаркка, сайилгоҳга айлантирилади. Амфитеатр қурилади, 50 дан ортиқ ўриндиқ (скамейка) ўрнатилади, бешта ҳожатхона иш бошлайди. Паркдаги бир қатор дўконлар миллий руҳда қайта ишланиб, ҳунарманд ва ҳайкалтарошларга берилади. Боғнинг суғориш тизими янгиланади, марказидаги фаввора қайта қурилади. Дарахтлар сони 2000 тага етказилади (ҳозирда 1800 га яқин). Паркнинг бутун ҳудуди Wi-Fi ҳамда 110 та видеокузатув камераси билан қамраб олинади.

«Меҳмонхоналар парк ҳудудидан ташқарида қурилмоқда»

Реконструкция ишлари тугагач, паркка уч тарафдан: Абдулла Қодирий ва Себзор кўчалари кесишмаси (собиқ «Ганга» дўкони) тарафдаги эски дарвозасидан, Абдулла Қодирий ижод мактаби олдидаги дарвозадан ҳамда Эски Жува (Чорсу) бозорининг собиқ автостанция ўрнидаги автотураргоҳига қараган дарвозасидан кириш мумкин бўлади.

Ҳозир боғнинг «Ганга» тарафдаги кириш қисмида икки томондан меҳмонхоналар қурилаётганини кўриш мумкин. Уларнинг бири Almasd Hotel томонидан, иккинчиси эса Wan Li компанияси томонидан кўтарилмоқда.

Умид Умаров бу қурилишларга Olmazor Business City дирекциясининг алоқаси йўқлиги ва бинолар барпо этилаётган жойлар парк ҳудудига кирмаслигини таъкидлади (унинг сўзларига кўра, боғнинг умумий майдони кадастр ҳужжатлари бўйича 11,6 гектарни ташкил этади). Меҳмонхоналар қурилишларидаги масъуллар эса бирор бир изоҳ беришдан бош тортди.

Парк реконструкциясига доир 2019 йилда эълон қилинган лойиҳавий суратларда ҳозирда Wan Li компанияси қурилиш олиб бораётган ҳудуд (2-рақам билан ажратилган) меҳмонхоналар учун ажратилгани кўрсатилган эди. Ҳудуднинг Абдулла Қодирий ижод мактабига туташ қисмида, 2019 йилда режалаштирилганидек, Япониянинг HIS Hotel Holding компанияси томонидан Inspira-S меҳмонхонаси ишга туширилган.

Қозоғистоннинг BI Group компанияси томонидан қурилиши режалаштирилган меҳмонхона мажмуасининг лойиҳавий сурати. Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

2021 йил мартида ижод мактабининг иккинчи (Inspira-S'га қарама-қарши) тарафидаги 0,75 гектарлик майдонда Қозоғистоннинг BI Group компанияси томонидан Hampton by Hilton бренди остида Тошкентдаги иккинчи меҳмонхона қурилиши ҳақида хабар берилган, Тошкент шаҳар ҳокимлиги паркда ҳатто бўлажак иншоотнинг вақт капсуласи ташланганини маълум қилган эди.