16 ноябрь куни «Кўксарой» қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари охирги олти йилда Ўзбекистоннинг ушбу молиявий институти билан алоқалари мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини мамнуният билан қайд этди. Банк ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири эканлигини таъкидлади.

Учрашувда давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, хусусан, энергетика, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, таълим, уй-жой коммунал хўжалик соҳаларида ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш, «яшил» тараққиёт, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди, дейилади хабарда.


Одиль Рено-Бассо сермаҳсул шерикликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Келгуси йилда Самарқанд шаҳрида банк бошқарувчиларининг навбатдаги йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарликнинг амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида мамлакатнинг ЕТТБ билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ тадбирлардан иборат «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.