Ижтимоий тармоқларда Сариосиё тумани «Сангардак» маҳалласида номаълум шахслар томонидан бўрининг териси шилиб олинаётгани акс этган видео эълон қилинган эди. Ҳолат Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

Ўрганиш давомида ушбу ҳолат Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани «Сангардак «маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Ф. томонидан содир этилгани маълум бўлди.

Фуқаро Т.Ф бу ҳаракати билан Ўзбекистон «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 42-моддаси ва «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 17, 27-моддалари талабини бузгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима белгиланди.

«Шундан сўнг бу каби ҳолатлар яна содир этилмаслиги учун „Сангардак“ маҳалласи аҳоли вакиллари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга табиий муҳитда яшаётган ёввойи ҳайвонларни овлаш, уларга зиён етказиш тегишли қонунларга асосан жавобгарликка тортилиши батафсил тушунтирилди», — дейилади хабарда.