15 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Америка Қўшма Штатларининг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Жонатан Девид Хенникни қабул қилди.

Ўзбекистон ТИВ ахборот хизматининг хабар беришича, учрашувда элчи вазирга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Ўз навбатида, Владимир Норов элчини лавозимга тайинлангани билан табриклади ва касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Суҳбат давомида илгари эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни, шунингдек, икки томонлама даражада ва «C5+1» (Марказий Осиёнинг 5 давлати + АҚШ) шаклида бўлажак тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Савдо-инвестиция алоқаларини ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиётига Америка капитали ва технологияларини жалб қилиш, тўқимачилик, фармацевтика, энергетика, АКТ жабҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш, молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.

Томонлар, шунингдек, Афғонистондаги вазият бўйича ҳам фикр алмашдилар. Ушбу мамлакатга халқаро ёрдамни кенгайтириш зарурлигига қайд этилди.

Жонатан Хеник бунгача ҳам АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ишлаган. «Фаолиятимнинг кўп қисмини шу минтақада (Марказий Осиёда — таҳр.) ишлаш билан ўтказдим ва янги лавозимда қайтиш имкониятидан хурсандман», — деди у АҚШ Сенатида янги лавозимга ўз номзоди тасдиқланишидан олдин сўзлаган нутқида.

Унинг лавозимлари орасида АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича бюроси ёрдамчиси ўринбосари лавозими ҳам бор эди. Ўтган йилдан бери у Миллий мудофаа университети Ахборот ва кибермакон коллежида АҚШ давлат департаменти раиси сифатида ишлаган (биографияси тафсилотлари).

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Тошкентдаги аввалги элчиси Дэниел Розенблюм АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси этиб тайинланган эди.