Ўзбекистон ва Қирғизистон Фарғона вилоятининг Сўх тумани аҳолиси учун чегарадан ўтиш тартибини соддалаштиришга келишиб олди, бироқ эксклавга алоҳида йўлак очиш режалаштирилмаган. Бу ҳақда 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди (видео). (Йиғилишда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампир-обод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида қонунлар қабул қилинди).

Сўх эксклавига йўлак очиш масаласи кўп йиллардан буён кўтарилиб келинмоқда. 2020 йил июнь ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ўртасидаги чегарада юзага келган можародан сўнг сўхликлар Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани маъмурий маркази Яйпан шаҳрига йўлак ташкил қилишни сўраган эди.

2021 йил март ойида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев сўхликлар эркин ҳаракатланиши учун томонлар чегарадош вилоятлар ўртасида назорат-ўтказиш пункти очишга келишиб олганини маълум қилди.

Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган муҳокамада «Миллий тикланиш» партиясидан сайланган депутат Фарҳод Зайниев якунда Сўх туманига йўлак яратиш режалаштирилмоқдами, деб сўради.

Бош вазир Абдулла Арипов Қирғизистон томони билан Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИ) талаблари сабабли 2019 йил сентябрь ойида бир неча кун ишлаганидан кейин ёпилган, сўнгра 2021 йил 1 апрелда ишини давом эттирган Сўх-Риштон йўлини ишга тушириш бўйича келишиб олиш мумкинлигини айтди.

«Албатта, Сўх эксклави билан мунтазам алоқа қилувчи йўлни ташкил қилиш бўйича қирғиз биродарларимиз билан икки томонлама келишганмиз. Риштондан Қирғизистон ҳудуди орқали тепасига чиқиб, жумладан, Чўнғарадан ўтиб борадиган энг қисқа йўлни тиклаш масаласи бўйича келишувимиз бор ва қирғиз томони йўлни тиклаб, яхшилаб тўғрилаб берди», — деди у.

«Бу нарса жуда ҳам қийин. Ўйлайманки, кун тартибига масалани бундай қилиб қўйиш уни боши берк кўчага олиб бориш билан баравар. Ҳеч қачон бу нарса амалга ошмайди. Мисол бўйича ҳам келтираман. Қирғизистон билан Тожикистон орасида худди шундай масала кун тартибида турибди. Ва бу нарсага, ўйлайманки, ҳеч қандай ечим бўлмайди. Қилиб бўлмайди», — дея таъкидлади бош вазир.

Абдулла Ариповнинг қайд этишича, эришилган келишувларга кўра, Қирғизистон бугунги кунда Сўх туманига кириш ва чиқиш учун ҳеч қандай тўсиқ яратаётгани йўқ.

«Иккита алтернатив йўл бор: Риштон тепасидан чиқса ҳам бўлади, бу ёқдан Водил орқали ҳам борса бўлади. Шунинг учун бу масалани (коридор очиш масаласини — таҳр.) 5 йил олдин кун тартибига қўйганмиз, тўғрисини айтаман сизга. Ҳаттоки эстакада масаласи ҳам кўрилган, бошқа ҳам бўлган. Лекин бу нореал нарса, қилиб бўлмайди. Биринчидан, қиммат. Иккинчидан, нореал нарса. Энг тўғриси, биз келишув билан аҳоли вакиллари ҳеч қандай тўсқинликларсиз бевосита бизга ҳам келиши мумкин, бошқа жойларга ҳам бориши мумкин», — деди у.

Ҳукумат раҳбарининг қайд этишича, бюрократия фуқароларнинг чегарадан ўтишдаги муаммоларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Сўх ҳудудида яшовчилардан хорижга чиқиш паспорти бўлиши талаб қилинган. Ҳар бир чиқиш ва киришда паспортга муҳрлар босилади.

«Доимий ишлайдиганлар учун бу катта қийинчиликлар туғдиради. Уларнинг паспортлари бир ой ичида тўлиб қолади. Агар шу муаммо ҳақида гапираётган бўлсангиз, ҳозирча биз қирғиз биродарларимиз билан паспортнинг ичига варақача қўйиш масаласини келишганмиз», — деди у.

Абдулла Арипов, шунингдек, март ойида бўлиб ўтган сўнгги музокаралар чоғида томонлар фуқароларнинг ID-карталарида (Ўзбекистон ички паспортида) фуқароларнинг кириш ва чиқишларини белгиловчи тизимни ишлаб чиқишга келишиб олганини айтди. Бу йил охиригача амалга оширилиши кутилмоқда.