«Тошшаҳарнур» давлат унитар корхонаси умумий 16 ноябрь кунидан бошлаб вақтинчалик кўча ёритиш тармоқларини тунги истеъмолини чеклаш тартибига ўтказади. Бу ҳақда корхона матбуот хизмати хабар берди.

«Республикамиз ҳукумати электр энергияси истеъмолчиларининг олдига яна бир муҳим вазифа — энергия ресурсларидан эҳтиёткорлик ва масъулият билан фойдаланиш вазифасини қўйди. Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари кечки ва тунги вақтда юзага келадиган вақтинчалик ноқулайликларни тушунадилар, шунингдек, кундалик ҳаётда электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланишнинг умумий вазифаларини ҳал қилишда фаол иштирок этадилар, деб умид қиламиз», — дейилади хабарда.

Чоршанба куни Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Тошкентда кўчаларни ёритиш ва реклама LED-экранларини вақтинча ўчириш режасини маълум қилганди.