Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистонда электр энергиясидаги узилишларнинг сабабини ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслиги билан изоҳлади. У бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжмунида гапириб ўтди.

Шерзод Хўжаев охирги беш йилда қурилган электр станциялари ундан олдинги 25 йилда ҳам қурилмагани ҳақида гапирар экан, шундан сўнг, истъемолчиларга етказиб беришдаги узилишларнинг сони қарийб 3 бараварга камайтирилганини таъкидлади.

«Очиқ айта оламан, бугунги кундаги электр энергиясидаги узилишларнинг 90 фоизи ускуналарнинг эскирганлиги ёки етарли эмаслигида эмас, балки станцияларимизда электр ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслигида. Масалан, Ўзбекистондаги мавжуд электрнинг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Унинг қарийб 85 фоизи табиий газ воситасида [ишлайди]», — деди вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, 2016 йилгача Ўзбекистонда битта замонавий буғ-газ иссиқлик станцияси қурилган — 2012 йилда Навоий иссиқлик электр станциясида. Аммо 2016 йилдан кейин давлат инвестицияси ҳисобидан Навоийда битта, Таллимаржонда иккита, Тўрақўрғон электр станциясида иккита, Тахиатош электр станциясида иккита ва Тошкент электр станциясида битта буғ-газ қурилмаси барпо этилди.

«Бундан ташқари, яна Талимаржонда иккита, Навоийда иккита, Сирдарёда тўртта, Сурхондарёда иккита буғ-газ қурилмасини қуриш бўйича лойиҳаларимиз бошланди. Бу гапларни мана шу лойиҳалар ишга тушгандан сўнг ҳамма муаммоалар ечилади, сабр қилиб туринглар мақсадда айтаётгандим йўқ. Вазият ўзгаришини ҳеч ким билмаяпти», — деди Шерзод Хўжаев.