Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокимининг «Бешқўтон» маҳалла фуқаролар йиғини бўйича ёрдамчиси кредит маблағларини ўзлаштиргани аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят прокуратураси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, А.Т. бир гуруҳ тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан давлат дастурлари асосида фуқароларга ажратилган кредит маблағларини ўзлаштирган аниқланди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167 ва 228-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Дастлабки тергов давомида А.Т.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

«Ҳозирда тергов кетяпти, сумма яна кўпайиши мумкин. Қолаверса, гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланганда ўзгариши ҳам мумкин», — дея қўшимча қилди «Газета.uz»га вилоят прокуратураси матбуот хизмати котиби.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ҳоким ёрдамчиси 2000 доллар олаётган вақтда қўлга олинганди. Шунингдек, Тошкент тумани ҳокими ёрдамчиси ва унинг синфдоши 4 сотих ерни 30 минг долларга сотмоқчи бўлганда ушланганди.

Сентябрь-октябрь ойларида Антикоррупция агентлиги Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида давлат хизматчиси, ҳоким ва ўринбосарлари қаторида ҳоким ёрдамчиларининг ҳам давлат иши билан биргаликда тадбиркорлик билан ҳам шуғулланиб келаётганини аниқлаганди.