Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни мамлакатда киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Киберспорт Ўзбекистонда расман алоҳида спорт тури сифатида тан олинган. Янги ҳужжатда киберспорт турлари бўйича профессионал киберспортчи ва мураббийлар, малакали ҳакам ва шарҳловчилар, шунингдек, бошқа мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Киберспорт турлари бўйича республика ва халқаро чемпионат ва турнирлар ташкил этиш, халқаро ва минтақавий мусобақаларда муносиб иштирок этишни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Киберспорт турлари бўйича илмий-маърифий қўлланма ва адабиётларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш, киберспорт инфратузилмасини ривожлантириш, соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш, шунингдек, киберспорт турлари бўйича «ижобий жамоатчилик фикрини шакллантириш» белгиланган.

Мамлакатда киберспортни ривожлантириш ва кенг оммалаштириш учун масъул бўлган ваколатли давлат органлари Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳисобланади.

2023 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойида киберспорт бўйича Uzbekistan Esports Championship республика чемпионати, декабрь ойида Вазирлар Маҳкамаси кубоги ва июнь ойида ёшлар кубоги ўтказилади.

Қарор билан Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди.

Бундан ташқари, Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Ушбу дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • киберспорт лигасини ташкил қилиш ва унинг доирасида киберспорт клублари ўртасида тизимли равишда киберспорт лига мусобақаларини ўтказиш;
  • киберспортни янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш борасида спорт федерация (ассоциация)лари фаолиятини кучайтириш;
  • киберспортни ривожлантириш соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш;
  • киберспортчиларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган омилларни камайтириш;
  • киберспортда «ping» муаммосини босқичма-босқич бартараф қилиш;
  • жаҳон бозорида рақобат қила оладиган киберспорт ўйинларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштириш;
  • киберспортнинг истиқболлари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш;
  • киберспорт билан шуғулланаётган ёшларда соғлом спорт маданиятини шакллантириш, улар томонидан қонунга хилоф ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб «Спорт фаолияти: киберспорт» бакалавриат таълим йўналиши очилади ҳамда ушбу йўналиш бўйича ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланди.

Uzbekistan Esports Championship республика чемпионатида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган киберспортчилар «Спорт фаолияти: киберспорт» бакалавриат таълим йўналишига касбий (ижодий) имтиҳонларни топширишдан озод қилиниб, уларга максимал балл берилади.

Киберспорт фаолиятини ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилди.

Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида киберспорт турлари бўйича тренерлар,шарҳловчилар, ҳакамлар ва бошқа мутахассислар қайта тайёрланади.

Яшнобод туманида барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасида киберспорт турлари бўйича чемпионатлар, турнирлар ва мусобақаларни ўтказиш учун замонавий киберзонани ташкил қилинади.

Ҳудудлар раҳбарларига икки ой муддатда ҳар бир ҳудуднинг битта тумани (шаҳри)да киберспортнинг камида иккита турини оммалаштириш бўйича «йўл хариталари»ни тасдиқлаш топширилди.