15 ноябрь куни БААнинг Ўзбекистондаги элчихонасида Air Arabia авиакомпанияси тижорат менежери Акрам Ал Исмоил бошчилигидаги делегация қабул қилинди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Учрашувда авиақатновни мақсадли аудитория орасида тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига парвозларни амалга ошириш имкониятлари, озиқ-овқат маҳсулотларини авиақатнов орқали БААга экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, авиакомпания вакиллари юкларни ташиш билан боғлиқ батафсил маълумотлар қўшимча равишда тақдим қилинишини, 2023 йил давомида авиакомпаниянинг Абу-Дабидаги таянч аэропорти ихтиёридаги самолётлар сони 8 тадан 15 тага кўпайиши кутилаётганини ва шунга мувофиқ Самарқанд ёки Бухоро шаҳарларига парвозлар йўлга қўйилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

Музокаралар жараёнида авиакомпания 2019 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига маҳаллий тур агентлар иштирокида таништирув турларини ташкил қилгани ва ушбу тажрибани ҳамкорликда қайта ташкил этиш истагини билдирди. Бунинг учун эса авиакомпания Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар ташкил этувчи туризм корхоналарининг тарғибот материалларига эҳтиёж сезиши таъкидланди.

Шунингдек, учрашув давомида Европадан Ўзбекистонга авиақатновлар сони камлиги учун мазкур авиакомпаниянинг Etihad airways авиакомпанияси билан келишувига мувофиқ сайёҳлик компаниялари икки авиакомпания рейсларида транзит мақсадида фойдаланиши мумкинлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, авиакомпания вакиллари жорий йилнинг 18 ноябрида очилиши кутилаётган Шайх Зоид мерос фестивалидаги «Ўзбекистон» павильонига таклиф этилди ҳамда янги авиақатновни мазкур павильон орқали кенг тарғиб қилишга келишилди.

Маълумот учун, Air Arabia авиакомпанияси, асосан, А-320 русумидаги самолётлар билан таъминланган бўлиб, Шаржа шаҳридан Тошкент шаҳрига ҳафтасига 3 марта қатновларни амалга оширади.

Икки давлат авиация идоралари келишувларига мувофиқ авиакомпания 7 декабрдан бошлаб ҳафтасига 2 марта Абу-Даби — Тошкент — Абу-Даби йўналишида 999 БАА дирҳамидан (3 млн сўм) бошланган нархларда парвозларни йўлга қўйишга эришилган, келгусида ушбу қатновларни ҳафтасига 7 мартагача ошириш кутилмоқда.

Мазкур нархлар йўловчи юкисиз ҳисобланганига қарамасдан, авиакомпания томонидан агар чипталар авиакомпания сайти орқали харид қилинганда 35 БАА дирҳами (106 минг сўм) эвазига Тошкентга 40 кг, Абу Дабига 30 кг юк ташиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 9 сентябрда «Ўзавиация» агентлиги томонидан Air Arabia компаниясига «Абу-Даби — Тошкент — Абу-Даби» йўналишида мунтазам парвозларни амалга ошириш учун рухсатнома берилганди.