Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма йиғилишида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Сенат аъзоси этиб сайланди, дея хабар бермоқда ҳокимлик матбуот хизмати.

Қўшма мажлисда 643 нафар депутат иштирок этиб, яширин овоз бериш жараёнларида уларнинг барчаси қатнашди.

Депутатларнинг 641 нафари номзодни ёқлаб овоз берди ва Зойир Мирзаев мутлақ кўпчилик овоз билан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди. Йиғилишда ҳоким билдирилган ишонч учун халқ вакилларига миннатдорлик билдирди.

Аввалроқ, «Газета.uz» нима учун ҳокимлар сенатор этиб сайланиши ҳақида ёзганди. Унда Адлия вазири Русланбек Давлетов бунинг сабабини тушунтирган эди. Унга кўра, Олий Мажлис Сенати (юқори палата) — ҳудудий вакиллик органи, бу ерда партиявий ёндашув ва сиёсий қарашлар йўқ. Бундан ташқари, Сенат — бу сенаторлар ўз ҳудудларининг манфаатларини ифода этадиган майдон.

«Агар ҳар бир ҳудуддан 6 та депутат бўладиган бўлса, биттаси ҳоким сайланиб келяпти. Вилоят ҳокими шу ердаги энг катта давлат хизматчиси бўлгандан кейин, уни ҳам мана шу Сенатга сайланяпти», — деганди у, ҳокимлар ўз ҳудуди муаммоларини яхшироқ билиши ҳақида таъкидлаб.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ноябрь ойидан буён Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Зойир Мирзаев номзоди 22 сентябрь куни вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланганди.