Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бошқармаси ва Ховос транспорт прокуратураси ҳамкорлигида йўл инфратузилмаси объектларида қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш юзасидан тезкор тадбирлар олиб борилди, дея хабар бермоқда хизмат матбуот хизмати.

«Сирдарё йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонасининг собиқ мансабдор шахслари томонидан 2018−2021 йилларда автомобиль йўлларини таъмирлаш учун ажратилган бюджет маблағлари, ишчи ходимларнинг иш ҳақлари ва рағбатлантириш пуллари — жами 1 миллиард 6 миллион 792 минг сўм талон-торож қилинганлиги аниқланди.

Оқибатда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Корхонанинг собиқ раҳбари Х.О., собиқ бош ҳисобчиси С.Ш., собиқ ҳисобчиси Х.С., собиқ бўлим бошлиғи М.Ш. ва яна 10 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, суд идораларига юборилди.

Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман судининг ҳукмига кўра, айбдорларга озодликдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа жазо турлари тайинланди.

Талон-торож қилинган 1 миллиарддан ортиқ маблағнинг 767 миллион 753 минг 402 сўми суд ва тергов даврида давлат фойдасига ундирилди. Қолган 239 миллион 039 минг 301 сўми Мажбурий ижро бюроларига мажбурий тартибда ундириш учун юборилди.