Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга бағишланган Бутунжаҳон конференцияси очилишида нутқ сўзлади, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Анжуманда 150 мамлакатдан 2500 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан 70 дан ортиқ вазирлар ва юзлаб ташкилотлар, педагоглар ҳамда тадқиқотчилар иштирок этмоқда.

«Ҳозирги вақтда дунё миқёсида кичик ёшдаги болаларни сифатли мактабгача таълим билан таъминлаш борасида қатор муаммолар мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Кўплаб мамлакатларда қарийб 200 миллион бола мактабгача таълим билан қамраб олинмагани натижасида уларнинг бошланғич билим олиш имкониятлари чекланмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ўз навбатида, кейинги бир неча йил давомида коронавирус пандемияси таълим соҳасига ҳам катта салбий таъсир кўрсатгани сир эмас. Мана шундай синовлар даврида барча давлатларнинг яқин ҳамкорликни янада чуқурлаштириши, халқларимиз ўзаро бирлашиб, муаммоларни биргаликда ҳал этиши нақадар муҳимлигини яққол кўрсатмоқда», — деди давлат раҳбари.

Ҳозирги пайтда мамлакатда 3 миллионга яқин мактабгача ёшдаги болалар бор.

«Шуни ҳам айтиш жоизки, юртимизда яқин ўтмишда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 27 фоизга тушиб қолган эди. Деярли барча мактабгача таълим ташкилотларда замонавий технологиялар ва қўлланмалар йўқ, бинолари таъмирталаб эди. Бу эса болаларимизни тўлақонли сифатли таълим ва тарбия олишини чеклаган», — деди президент.

Шунингдек, у сўнгги йилларда боғчалар сони 6 баробарга кўпайгани, олис ва чекка ҳудудларда минглаб оилавий боғчалар ташкил қилингани ҳақида гапирди. Тарбиячи ва педагоглар сони ҳам 3 баробарга ўсиб, 160 мингга етгани, шунингдек, педагог кадрларнинг малакасини тизимли ошириб бориш ишлари ҳам йўлга қўйилганини қайд этди.

«Ушбу чоралар натижасида боғчаларда таълим ва тарбия оладиган болалар сонини 600 мингдан 2 миллионга етказилиб, қамров кўлами 70 фоизга чиқди», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Биз келгусида ҳам бу йўлда бошлаган ишларимизни изчил давом эттириб, 2025 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 80 фоизга етказиш учун барча зарур чораларни амалга оширамиз. Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган кўрсаткичларга эришиш доирасида 2025 йилга қадар 6 ёшли болаларнинг 100 фоизини мактабга тайёргарлик дастури билан қамраб олишни мақсад қилиб олганмиз», — деди Ўзбекистон президенти.

«Ишончим комил, мазкур конференция бутун дунёда 2030 йилга қадар мактабгача таълим соҳасига оид сиёсатни белгилаб олиш ва шу орқали ёш болаларга сифатли таълим бериш йўлида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришда янги имкониятлар яратади», — деди давлат раҳбари ва қатор муҳим таклифларни илгари сурди.

Дунёда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган даврда энг заиф қатлам бўлган мактабгача ёшдаги болалар ҳам жиддий азият чекмоқда.

«Шу сабабли, кичик ёшдаги болалар учун сифатли таълим бериш муаммоларини глобал даражада самарали ҳал қилиш, бу масалаларга биргаликда тезкор ечимлар ва тизимли ёндашувларни ишлаб чиқиш жуда долзарбдир. Буни инобатга олиб, мазкур халқаро конференцияни мунтазам равишда ўтказиб боришни таклиф этамиз», — деди президент.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун бўлган таълим бўйича барча саъй-ҳаракатларимизни тизимли мувофиқлаштириш мақсадида Тошкентда ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини ташкил этиш ташаббусимизни маъқуллайсизлар, деб ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, у кичик ёшдаги болалар таълими бўйича жаҳон ташкилоти билан қўшма лойиҳа ва тадқиқотларни олиб бориш, тарбиянинг янгича услубларини ва методик қўлланмаларни тайёрлаш учун кенг қамровли дастурни ишлаб чиқишни таклиф этди. Мазкур йўналишда жаҳонда тўпланган илғор тажрибалар, замонавий интерактив ўқитиш услублари, амалий билим ва кўникмалар билан ўзаро алмашиш мақсадида тарбиячилар халқаро ҳамжамиятини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

«2024 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ўтказиладиган келажак саммитининг умумий кун тартибидаги асосий мавзулардан бири сифатида, кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш масаласини киритиш ҳамда унга алоҳида сессияни бағишлаш муҳимдир», — деди у.

«Бугунги конференция якунлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг болалар тарбияси масалалари умумбашарий тараққиётга эришишнинг муҳим омили экани тўғрисида махсус резолюциясини қабул қилиш айни муддао бўлар эди», — деди давлат раҳбари.

«Ушбу ҳужжатда ота-оналарни болаларнинг сифатли таълим ва тарбия олиши, маънавий ва жисмоний баркамоллигини таъминлашдаги ролини, уларнинг қобилият ва салоҳиятларини тўлиқ намоён этиш борасидаги масъулиятини янада ошириш каби масалалар ўз ифодасини топиши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.