Nemolchi.uz — зўравонликка қарши лойиҳаси ва 139 Documentary Center галереяси NeUyat фестивалига старт беришди. Фестивалнинг мақсади жинсий зўравонлик воқелиги атрофидаги сукунат маданиятини йўқ қилишдир.

Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, муаммо гўёки «ёпиқ қопқоқ остида»: у мавжуд, аммо бу ҳақда гапириш одатий ҳол эмас — яъни «уят»дир. Жамият зўравонлик қилган тажовузкорларни эмас, қурбонларни қоралаши вазиятни янада оғирлаштиради. Кўпинча бундай вазиятга дуч келган аёллар ва болалар «ўзини нотўғри тутган» ёки «провокация қилган»ликда айбланишади.


«Жамиятда жинсий зўравонлик одатда нотўғри кийинган, нотўғри жойда бўлиб қолган, нотўғри гапирган ёки нотўғри иш қилганлар билангина содир бўлади деб қабул қилинади. Кўргазма бу ерда „нотўғри“ деган тушунчанинг йўқлигини кўрсатади. Бу каби зўравонликлар ҳаммага таъсир қилиши ва ҳар дақиқада содир бўлиши мумкин», — дейди Nemolchi.uz лойиҳаси координатори Нигина Худайбергенова.

Бошдан кечирилган травмаларга уят ва айбдорлик ҳисси қўшилгач, қурбонлар сукут сақлайди. Оммавий тарғиботнинг йўқлиги жинсий жиноятларнинг жазосиз қолишига имкон беради. Галереянинг ҳар бир бурчаги бу ҳақда том маънода «шовқин кўтаради». Совуқ ва кимсасиз — ушбу кўргазма зўравонлик қурбонлари ҳаётида қанчалик кам илиқлик ва қанчалик кўп оғриқ, бефарқлик мавжудлигини кўрсатади.

Ҳар бир санъат объектининг орқасида, хоҳ у инсталляция бўлсин, хоҳ фотоҳикоя ёки хоҳ тасвир бўлсин, уларда жабрланган аёлларнинг ҳақиқий ҳикоялари ёки муаллифларнинг шахсий травматик тажрибалари акс этган.

Рассом ва волонтёр Милана Гашева никоҳ тўшаги ва қабрнинг қўш қиёфаси орқали жамиятда ноқонуний ҳаракат сифатида тан олинмаган жинсий ва оилавий зўравонлик муаммосига мурожаат қилади. Кўпинча, оилани шармандаликдан қутқаришга уриниб, ота-оналар қизларини зўравонларга турмушга беришади. Нечта оилавий ришталар қабристонга бориб тақалгани маълум эмас.


Nemolchi.uz лойиҳаси раҳбари Ирина Матвиенконинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси гендер асосдаги жиноятлар бўйича маълумотларни эълон қилади. 2021 йилда зўрлаш ва зўрлашга ҳаракат қилиш ҳолатлари сони 335 тани ташкил этган бўлса, шундан 331 таси эркаклар томонидан содир этилган. Бироқ, Жиноят кодексининг 128-моддаси («16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш»), 128−1 моддаси («16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий бойликлар ёки мулкий манфаатлар бериш йўли билан жинсий алоқада бўлиш») ва 129-моддаси («16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номақбул хатти-ҳаракатлар») бўйича статистик маълумотлар очиқланмаган.

«Ўтган йили 300 га яқин зўрлаш ҳолатлари кузатилгани ҳақида маълумот берилган — аҳоли зичлигини ҳисобга олсак, бу кичик статистик кўрсаткичдир. Бу жиноятнинг ушбу тури яширин жиноятлар тоифасига киритилганлигини кўрсатади. Улар ҳуқуқ-тартибот идораларига билдирилмайди, чунки бу табу мавзу», — дейди Ирина Матвиенко.


Унинг сўзларига кўра, содир этилган яширин жиноятлар жазосиз қолаётгани учун ҳам хавфлидир. Зўравонлар улар ҳақида хабар берилмаслигини билишади. Агар иш қўзғатилган тақдирда ҳам жазо енгил бўлади. Мисол тариқасида у 14 ёшли мактаб ўқувчисининг зўрланиши билан боғлиқ суд ишини келтиради. Собиқ жисмоний тарбия ўқитувчиси ва унинг қиз билан жинсий алоқада бўлган икки шериги муддатининг тўртдан бир қисмини ўтаб, қамоқдан шартли равишда озод қилинди (ўқитувчи бир йилдан сўнг, шериклари олти ойдан кейин озодликка чиқарилди).

«Юмшоқ қонунчиликда ўз ифодасини топган давлат сиёсати, зўравонларга нисбатан ишончли муносабат бундай жиноятларнинг олдини олишга эмас, балки уларни содир этиш учун қулай замин яратишга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда бу ҳолатларга жим қараб турилиши, жабрланганларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмаётгани, номутаносиб жазо қўлланилаётгани учун давлатни бевосита жавобгар деб биламан. Натижада, биз паст статистика ва бизда ҳамма нарса яхши деган тасаввурга эга бўламиз. Биз бу тасаввур билан 25 йил яшадик ва ҳозир бу ерда ҳамма нарса ўша пайтдагидек „прекрасно“», — дейди Ирина Матвиенко.

Рассом Шоҳнигор Ўлмасова ижодида жинсий зўравонлик қурбонлари бошидан кечирган воқеаларга эътибор қаратилган бўлиб, бу орқали бундай жиноятларни тергов қилиш масаласи кўтарилган. У галерея деворлари ичида ванна инсталляциясини қайта яратди. Ерга сочилган қора пояли қуритилган атиргуллар ва сувдаги тош сизни турган жойингизда «тош қотишингизга» сабаб бўлади.

Нигина Худайбергенованинг сўзларига кўра, худди шундай туйғу зўравонликка қурбонида воқеа содир бўлганидан кейин биринчи соатларда учрайди — улар тўғри реакция қила олишмайди, ҳаракат қила олишмайди. Ванна қабул қилиш — тозаланиш истагидаги инсоннинг табиий эҳтиёжидир, аммо ахлоқий «ифлослик» билан бир қаторда далиллар ҳам ювилади, агар жабрланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят қилса, бу терговга халақит бериши мумкин.

«III уч бошли кит» инсталляциясида тасвирланган ҳикоя автобиографикдир. Москвалик рассом Катя Янова 13 ёшлик чоғида, бир киши унинг мактабдан уйга кетаётганини пойлаб ўтирган эди. Пичоқ билан таҳдид қилиб, қизни уй подъездига олиб киради ва у билан бирга энг юқори қаватга чиқишини талаб қилади.

«Биз бир нечта қаватларни босиб ўтдик ва тўхтаганимизда мен қочишга муваффақ бўлдим. Мен имкон қадар тез югуришга ҳаракат қилдимки, қаватма-қават, квартирадан-квартирага пастлаб чопаётган эдим. Кимнингдир қўнғироғини чалиш ёки тақиллатиш хаёлимга ҳам келмаган эди — оёқларим мени автоном тарзда етакларди», — дея рассом ўз хотиралари билан ўртоқлашди.

Унинг ишлари — нафақат нажот топиш имконияти ва нажот топа олмаслик ҳолатлари, балки атрофимиздаги дунёнинг бефарқлиги ҳақида ҳам фикр юритади. Қўрққан қизнинг кўз ўнгида қулфланган эшиклар болалар фотоальбомидан ўз ўрнини топган ягона хотиралардир.

NeUyat кўргазмаси устида 11 нафар рассом ишлаган. Тайёргарлик жараёнида улар семинарларда қатнашишди ва муаллифларга мавзу билан қандай нозик ишлаш, қандай терминологиядан фойдаланиш кераклиги тушунтирилди.

«Умид қиламизки, фестиваль ва кўргазма муаммодан хабардорликни оширишга ёрдам беради. Фақат муаммони баланд овозда эълон қилиш ва жабрланган қизларни қўллаб-қувватлаш орқали биз жинсий зўравонлик табусини енгиб, одамлар онгида ва қарор даражасида ўзгаришларга эришишимиз мумкин», — дейди Нигина Худайбергенова.

139 Documentary Center галлереясидаги NeUyat кўргазмаси 2 декабргача давом этади. Кўргазмани сешанбадан шанбагача соат 11:00 дан 19:00 гача кўриш мумкин.

Фестиваль дастурига кўра, 18 ноябрь куни «Ўлдирувчи ёз» (1983) фильми намойиши, 25 ноябрда эса жинсий зўравонлик бўйича оммавий маъруза ўтказилади.

Барча тадбирларга кириш бепул.