Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Ўнғор тоғи ҳудудининг Қирғизистонга берилишига муносабат билдирди.

«Миллий тикланиш» партиясидан сайланган депутат Абдумалик Акрамов Фарғона водийсидаги энг баланд нуқталардан бири ҳисобланган, Наманган вилоятига яқин жойлашган Ўнғор тоғида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг радио ва телевидение антенналари жойлашганини таъкидлади.

Мамлакатлар ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномага кўра, Ўзбекистон Қирғизистонга ушбу 35 гектар майдонни беради. (Шу куни депутатлар томонидан мазкур шартнома, шунингдек, Андижон (Кампир-обод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида қонун қабул қилингани ҳақида ёзган эдик).

Абдулла Арипов Ўзбекистон томондан тоғ чўққисига чиқишнинг иложи йўқлигини таъкидлади.

«Яна битта қизиқ томони шуки, у тоғ чўққисига Ўзбекистон томонидан чиқа олмайсиз — йўл йўқ. Фақат Қирғизистон томонидан чиқасиз. Шунақа ньюанси бор. Кўплар буни билмайди. Айтмоқчи бўлган нарсамиз, [йўл] улар томонидан бўлгани учун компромисс (бир-бирига ён босиш — таҳр.) таклиф бўлган. Унга биноан улар ҳам, биз ҳам фойдаланиш таклиф этиляпти. Яъни биз уларга жой ажратишга имконият яратиб беряпмиз, улар эса бизга йўл нуқтаи назаридан у ерга чиқиб-тушиш имкониятини яратади. Шунақа келишув бор», — дея таъкидлади ҳукумат раҳбари.

Ўзбекистон томони Ўнғор тоғ (Унгар-Тоо) ҳудудини Қирғизистонга беришга тайёрлиги ҳақида дастлаб 2021 йилнинг мартида Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида маълум бўлган эди.

«Қирғизистон томони Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудида жойлашган Сўх анклавига транспорт ва ҳаво қатновларини очишга тайёр. Анклав аҳолиси давлат чегарасидан бемалол ўтишлари мумкин. Ўз навбатида, ўзбек томони Қирғизистонга ўша вақтгача чегара ҳудуди аҳолиси ўртасида келишмовчилик ва сиёсий зиддиятга сабаб бўлган Унгар-Тоо ҳудудини беришга тайёр», — дея қайд этган эди Қирғизистон президенти маъмурияти.

Фото: Turmush.kg.

Ўнғор тоғининг баландлиги 900 метрни ташкил этади. Қирғиз матбуоти хабарига кўра, баҳсли ҳудудда аввал ҳам можаролар бўлган. Kaktus.media нашрининг ёзишича, 2016 йилнинг 22 август куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг бир неча ходимлари вертолёт ёрдамида тоққа қўнган ва Қирғизистоннинг тўрт фуқароси — радиореле станцияси ходимларини қўлга олган. 8 сентябрь куни улар қўйиб юборилган, 18 сентябр куни эса Ўзбекистон вакиллари тоғни тарк этган