Президент Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳри Бейўғли туманидаги Истиқлол кўчасида юз берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан президент Режеп Таййип Эрдўғанга таъзия йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар қилди.

Давлат раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига таскин-тасалли ва бардамлик, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Истанбулдаги портлаш

13 ноябр куни соат 16:20 да Туркиянинг Истанбул шаҳри Бейўғли туманидаги Истиқлол кўчасида портлаш содир бўлди. Шаҳар волийси Али Ерликаянинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 53 киши жароҳатланди.

Мамлакат президенти Режеп Таййиб Эрдоған «ҳужумда террористик акт ҳиди бор»лигини қайд этди. «Бир аёл кишининг ушбу ишда роли борлиги юзасидан дастлабки далиллар мавжуд», — деди у.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ҳодиса юзасидан муносабат билдирар экан, шаҳар ҳокимияти қошида тузилган штаб билан алоқада эканини маълум қилди. «Хозирга қадар ҳодиса оқибатида жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари мавжудлиги ҳақида маълумот йўқ», — дейилади яна бир хабарда.