Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга яқинда қилган ташрифимиздан сўнг биз — Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШнинг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) элчилари Марказий Осиёда кенг қамровли хавфсизликни қўллаб-қувватлашда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қатъиймиз.

ЕХҲТ 57 давлатдан иборат Европа ва Евросиё хавфсизлигини муҳокама қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича йирик ташкилотдир. Ушбу ташкилот илгари сурадиган ёндашувга кўра, хавфсизликни таъминлашда уни жамоавий тарзда кўриб чиқиш, уни биргаликда ривожлантириш, иқтисодий, экологик ва инсон хавфсизлигини параллель равишда мустаҳкамлаш, ҳарбий хавфсизлик ва трансмиллий таҳдидларга эътиборли бўлиш лозим. Айнан шу барчамизни янада тинчроқ, хавфсизроқ ва фаровонроқ қилади.

Ҳозир ҳаммамиз Россиянинг Украинага қарши агрессияси натижасида глобал хавфсизлик учун жиддий муаммога дуч келмоқдамиз — бу қадам Европа ва Евросиё хавфсизлигининг асосий тамойилларига путур этказиб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигига глобал таъсир кўрсатди, шунингдек, қўшни мамлакатларда беқарорлаштирувчи иқтисодий оқибатларга олиб келди. Мамлакатларимиз ЕХҲТ тамойиллари ва қоидаларга асосланган халқаро тизим элементларини, жумладан, ҳудудий яхлитлик, суверенитет, куч ишлатмаслик ва чегаралар дахлсизлигини қўллаб-қувватлайди. Биз Россияни бу урушни тўхтатишга ва ўз қўшинларини Украинадан тўлиқ олиб чиқиб кетишга чақирамиз.

Биз ЕХҲТ минтақасининг бошқа қисмларида содир бўлаётган воқеаларни ҳам назардан қочира олмаймиз. Биз, айниқса, Афғонистондаги инқироз сабаб минтақавий барқарорлик учун хавф-хатарлар мавжудлигини таъкидлаймиз. Бунга жавобан турли воситалар, жумладан, чегараларни бошқариш, терроризмга қарши кураш ва зўравон экстремизмларга қарши туриш соҳасида чоралар амалга оширилмоқда. ЕХҲТ фаолияти заифликларни бартараф этишга ёрдам беради ва минтақа учун алоқа ва ривожланишни қўллаб-қувватлайди. Марказий осиёлик ҳамкорларимизга уларнинг Афғонистон билан боғлиқ масалалар бўйича давомий олиб бораётган ишлари ва қўллаб-қувватловлари учун миннатдорчилик билдирамиз.

ЕХҲТнинг барча Марказий Осиё мамлакатларидаги ваколатхоналари ўзларининг тажрибалари, тарғиботлари, зиддиятли гуруҳлар билан ишлашлари, ўзларининг жойлардаги муассасалари ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ва Оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича вакил институтлари орқали бутун мамлакат бўйлаб барча даражаларда иштирок этишлари орқали ҳақиқий амалий қиймат яратмоқдалар.

Ташрифимиздан бир қанча хулосаларимиз бор. Биринчидан, биз хавфсизлик муаммолари бўйича биргаликда ишлаш муҳимлигини тан оламиз — биз дуч келаётган кўплаб таҳдидлар умумий бўлиб, мамлакатларимиз ҳамкорлик қилишга, хусусан, ЕХҲТ томонидан тақдим этилган воситалардан фойдаланишга тайёр.

Иккинчидан, биз Марказий Осиёда иқтисодий хавфсизлик учун чуқурроқ боғлиқлик муҳимлигини тан оламиз. ЙХҲТ савдо, транспорт ва рақамлаштиришни амалга оширишда муҳим роль ўйнайди. Алоқа ва тинчликсевар давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик туфайли яратилган фаровонлик барқарорлик учун марказий ўрин тутади. Иқтисодий хавфсизлик коррупцияга қарши курашиш, самарали бошқарув, қонун устуворлиги ва иқтисодиётни диверсификация қилиш масалаларига қатъий ёндашиш орқали мустаҳкамланади.

Учинчидан, биз минтақа бўйлаб иқлим ва энергетика масалалари, жумладан, сув ресурсларини бошқариш ва яшил энергияга ўтиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини кўрамиз. Иқлим инқирози келажагимиз учун экзистенциал таҳдиддир. ЕХҲТ сув дипломатияси ва сув ресурсларини бошқаришда муҳим роль ўйнаши мумкин. Иқлим ўзгариши сув танқислигини кучайтирар экан, трансчегаравий ҳамкорлик янада муҳимроқ бўлади. ЙХҲТ ушбу соҳаларда, жумладан барқарор энергия ишлаб чиқариш бўйича икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришда аллақачон ёрдамчи роль ўйнамоқда. Шунингдек, у Марказий Осиёда муҳим энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилиш ва энергия хавфсизлигини таъминлаш бўйича аҳамиятли ишларни амалга оширади.

Ниҳоят, хавфсизлик оммавий ахборот воситалари эркинлиги, очиқ ва адолатли сайловлар ҳамда сўз эркинлиги билан мустаҳкамланади. Ҳамма учун инсон хавфсизлиги, ички хавфсизлик, минтақавий ва бутун ЕХҲТ минтақасида хавфсизликнинг асосий устунидир. ЕХҲТ ўзининг жойлардаги ваколатхоналари, шунингдек, ДИИҲБ ва ОАВ эркинлиги бўйича Вакиллари орқали муҳим ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши мумкин.

Минтақага ташрифимиз чоғида кўрсатган самимий меҳмондўстлигингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Марказий Осиё муҳим минтақадир. Биз сиз билан кенг қамровли хавфсизлик масалалари бўйича, жумладан, ЕХҲТ орқали ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Элчи Кристин Фагес, Франциянинг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги доимий вакили

Элчи Геса Браутигам, Германия Федератив Республикасининг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги доимий ваколатхонаси

Элчи Нил Буш, Буюк Британиянинг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги делегацияси

Элчи Майкл Карпентер, Америка Қўшма Штатларининг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги доимий вакили