Октябрь ойи охирида Франциянинг Бордо шаҳрида 30 дан ортиқ давлатдан 22 ёшгача бўлган ёш мутахассислар иштирокида WorldSkills 2022 ишчи касблар бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистон мазкур тадбирда илк бор иштирок этди. Мамлакат номидан иштирокчилар икки йўналишда иштирок этишди: қуруқ қурилиш ва сувоқчилик ҳамда мобил робототехника. «Газета» мухбири икки йўналиш иштирокчилари билан суҳбатлашди.

Уй қуриш

«У ерда барча [йўналиш] бўйича: сартарошдан тортиб муҳандисларгача беллашади. Мен қуруқ қурилиш — суюқ қоришмасиз гипсокардондан саморез ва профиллар ёрдамида уй ва конструкцияларни қуриш бўйича мусобақалашдим», — дейди Акбар Абдираҳимов.

Акбар Бухорода яшайди, Бухоро давлат университети санъатшунослик факултетининг 4-босқичида таҳсил олади. Ўзи қурилишга қизиқади, махсус ўқув маркази билан шуғулланади.

У, барча 14 нафар иштирокчи сингари, тахминан 2 га 2 метр бўлган гипсокартон уйни қуриши ва безаши керак эди. Бунинг учун уч кун муддат берилади: биринчи куни уйнинг ўзини қурилади, бунга 12 соатгача кетади, иккинчи куни шувоқ ишларига 4 соатгача вақт берилади, учинчи куни эса декорация, масалан, чашпак («наличник») учун 2 соат эркин услуб («фристайл») учун яна 2 соат берилади.

«Фристайл, бу — иштирокчининг кўрсатмоқчи, ўз ишида қўллашга ҳали улгурмаган кўникмаларини намойиш этмоқчи бўлган нарсаси», — дея тушунтиради Акбар.

У вазифасига ижодий ёндашди ва уй деворига бош шаклидаги композицияни жойлаштирди ва унга «Think outside the box» («Доирадан ташқарида фикрла») сўзларини ёзди. Бу билан у одамларни кенг ва ностандарт фикрлашга ундади.

Финалда Акбар Абдираҳимов 6-ўринни эгаллаб, «Қуруқ қурилиш ва сувоқчилик» йўналиши бўйича «Профессионаллик учун» медали билан тақдирланди. Бундай медаль ўз касбий малакасини юқори даражада намоён этганларга берилади.

Мобил тиббий ёрдамчи робот

Ўзбекистон иштирок этган иккинчи йўналиш мобил робототехника бўлди. Рақиблар 84 нафарни ташкил этиб, топшириқ бўйича улар атиги 4 соат ичида касалхонада ёрдам берадиган мобил роботни йиғишлари керак эди.

«Бундай тиббий ёрдамчи ногиронлар аравачаларини реанимация бўлимидан палатага кўчириши, дори воситаларини ташиши ва тарқатиши, дезинфекция ишларини олиб бориши керак», — дейди Сухроб Ҳайдаров.

Суҳроб 18 ёшда, у IT Park`да 7 ёшдан 30 ёшгача бўлганларга робототехника фанидан сабоқ беради. У робототехникага 6 йил аввал қизиқиб қолган ва фристайл тоифасида (аниқ вазифа бўлмаганда ва қандай роботни йиғишини техникнинг ўзи ҳал қиладиган йўналиш) мобил робототехника бўйича беш карра жаҳон чемпиони бўлиб улгурган.

«Ҳамкасбим билан ўлчами тахминан 50 сантиметр бўлган робот йиғдик, у ногиронлар аравачаларини ҳаракатга келтириши, дори-дармонларни тарқатиши ва 540 даража (180+360 — таҳр.)га айланиши, ўз атрофидаги жойларни дезинфекциялаши мумкин», — дейди Сухроб.

Суҳроб ва унинг жамоадоши 84 рақиб орасида 17-ўринни эгаллади.

«Биз яхши ҳам, ёмон ҳам эмас, балки ўртача иштирок этдик. Ҳар бир чемпионат учун иштирокчилар икки йил тайёргарлик кўришади, биз бир-икки ойгина тайёргарлик кўрдик, натижада шундай бўлди. Лекин интилиш учун асослар бор», — дейди Сухроб.

Биринчи ўринларни мос равишда Хитой, Жанубий Корея ва Япония эгаллади.

«Осиё вакиллари ҳар доим биринчи ўринни эгаллашади, чунки бу уларнинг мавзуси, улар болаликдан бу билан шуғулланишади. Шахсан мен колумбияликлардан ҳайратда қолдим, бу болалар хитойлик ва японлардан фарқли ўлароқ, бутунлай бошқача шароитларда тайёргарлик кўришди, лекин улар ажойиб чиқиш қилишди ва тўртинчи ўринни эгаллашди», — деди у.

Робот техникасида Суҳроб йиғиш ва созлашни ўз ичига олган муҳандислик қисмини кўпроқ ёқтиради, роботни дастурлаш унга камроқ ёқади. У ўз севимли машғулотини муҳим деб билади, чунки унда ўз келажаги уфқларини кўрмоқда, бу саноатда технологияларни ривожлантиришга ёрдам беради.

Сухроб роботларнинг нафақат яратилиши, балки уларда «амалий қўлланмалар» мавжудлиги муҳим деб ҳисоблайди.

World Skills жаҳон чемпионати 1946 йилдан бери ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинмоқда. Бугунги кунда унда 80 та давлат иштирок этмоқда. Ўзбекистон World Skills International халқаро ҳаракатига 2020 йилда қўшилган, бироқ пандемия туфайли фақатгина бу йил Жаҳон чемпионатида қатнаша олди.