Туркий давлатлар ташкилоти доирасида 2023 йил Туркий цивилизациянинг юксалиш йили, деб эълон қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқи давомида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ўзбекистон етакчиси саммит иштирокчиларига мазкур таклифни қўллаб-қувватлагани учун ташаккур билдирди.

«Туркий дунёмизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихи, улуғ аждодлари ва беқиёс бойликлари бор. Ва мен ишонаман, Туркий дунёни буюк келажак кутмоқда», — деди у.

Кўҳна Самарқанд шаҳридаги саммитимиз эса, туркий дунё цивилизациясининг замонавий тарихида янги юксалиш босқичини бошлаб беради. Бугун ана шундай эзгу ғояни ўзида ифода этган Самарқанд декларацияси ҳам қабул қилинади", — дея таъкидлади у.

Фурсатдан фойдаланиб, Шавкат Мирзиёев барча ҳамкасблари номидан Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевга ва дўст Қозоғистон халқига яқинда бўладиган муҳим сиёсий тадбир — президент сайлови муваффақиятли ўтишини тилади.

«Ишонамизки, донишманд қозоқ эли ўз мамлакатининг тинчлиги ва тараққиёти, олиб борилаётган муҳим ислоҳотларнинг бардавомлиги учун овоз беради», — деди у.

У сўзи якунида ташкилот бош котиби сифатида ўз фаолиятини якунлаётган Бағдод Амреев жанобларига ҳам алоҳида миннатдорчилик изҳор қилди.

«Келгуси ишларингизда Сизга ютуқ ва омад ёр бўлсин. Янги бош котиб, тажрибали дипломат Қуваничбек Омуралиев жанобларини лавозимга киришаётгани билан ҳам чин дилдан муборакбод этаман. Сизга масъулиятли фаолиятингизда катта зафарлар тилайман», — деди Ўзбекистон етакчиси.