Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан тўққиз турдаги статистик ҳисоботлар бекор қилинди. Бу президентнинг 10 ноябрдаги «Ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги «Газета.uz»га.

Хусусан, улар орасида меҳнат шароитлари, ходимлар сонини ҳисобланган иш ҳақи миқдори бўйича тақсимлаш, банк, суғурта ташкилоти фаолияти, биржа фаолияти, кичик қурилиш ташкилотлари ва микрофирмалардаги мавжуд қурилиш машиналари ва механизмлари, мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш ва умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти хизматлари тўғрисидаги каби ҳисоботлар мавжуд.

Давлат статистика қўмитасига бекор қилинган ҳисоботларда назарда тутилган статистик маълумотларни тегишли вазирлик ва идораларнинг маъмурий маълумотлари асосида статистик дастурларга мувофиқ шакллантиришни таъминлаш топширилди.

Бундан ташқари, икки ой муддатда статистик ҳисоботларнинг барча турларини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги, шунингдек, уларни топшириш муддатларини соддалаштириш ва қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 январдан молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талаби бекор қилиниши, бундан ташқари, юридик шахслар ходимларининг иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳақидаги архив ҳужжатларини сақлаш ва архивларга топширишдан озод қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, компаниялар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам 2023 йилнинг май ойидан бошлаб масофадан ҳисобварақ очишга рухсат берилади. Корхоналар электр энергияси, газ ва бошқа коммунал хизматларни етказиб бериш бўйича шартномаларни электрон шаклда расмийлаштириши мумкин бўлади.