Херсон, Россия армияси қўшинларининг асосий гуруҳи чекинганидан сўнг, Украина назорати остига қайтмоқда, Украина Қуролли кучлари бўлинмалари шаҳарга киришди, деб хабар қилди мамлакат Мудофаа вазирлиги.

Вазирлик шаҳарда қолган рус ҳарбийларига таслим бўлишни талаб қилиб мурожаат эълон қилди.

«Командирларингиз сизни фуқаролик кийимига ўтишга ва Херсондан ўзингиз қочишга ҳаракат қилишга ундайди. Шубҳасиз, сиз буни қила олмайсиз», — дейилади Украина Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Вазирлик чекиниш йўллари Украина армияси назорати остида эканлиги ҳақида огоҳлантирди. «Сизда ўлимдан қочишнинг ягона имконияти бор — дарҳол таслим бўлиш», — дея таъкидлади Мудофаа вазирлиги.

Айни вақтда Россия Мудофаа вазирлиги Днепрнинг чап қирғоғига 30 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий хизматчи ва 5 мингга яқин қурол ва ҳарбий техника олиб чиқиб кетилганини маълум қилди.

Украин Telegram-каналларида Херсон вилояти аҳолиси Украина байроқлари билан Украина Қуролли кучлари ҳарбийларини кутиб олаётгани акс этган сурат ва видеоларни жойлаштирмоқда.