Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат меҳнаткашлари ва касаба уюшмалари аъзоларини Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан табриклади.

«Салкам 120 йиллик тарихга эга Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолияти давомида юксалиш ва пасайиш даврлари ҳам юз берган, лекин бу ташкилот ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмаган. Айниқса, сўнгги йилларда касаба уюшмалари ҳаётида янги ривожланиш босқичи бошланди, десак, муболаға бўлмайди», — деди у.

Йирик жамоат ташкилоти

Бугунги кунда касаба уюшмалари ўз сафларида 5,5 миллиондан ортиқ ишчиларни бирлаштирган бўлиб, мамлакатдаги энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланади. Ушбу тизимда 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар фаолият кўрсатиб, соҳа бўйича 6700 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар хизмат қилмоқда.

«Бугунги мураккаб ва шиддатли давр корхона ва ташкилотларда ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришни тақозо этмоқда ва сиз, азизлар бу борада ҳар томонлама фаоллик кўрсатасиз, деб ишонаман», — дея таъкидлади президент.

«Давлатимиз ва жамиятимиз томонидан бундан буён ҳам доимий қўллаб-қувватлаш асносида ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг иш ҳақи миқдорини ошириб бориш бўйича барча имкониятлар сафарбар этилади. Чунки самарали меҳнат қилиш ва унинг роҳатини кўриш — ҳар бир инсон ҳаётининг маъно-мазмунидир», — деди давлат раҳбари.

«Ўз олдимизга қўйган улкан ва эзгу вазифаларни амалга ошириш, „Эл азиз, инсон азиз“ деган олижаноб ғояни юртимиздаги ҳар бир корхона ва ташкилотда қарор топтириш, меҳнатни фаровонлик ва бахт манбаига айлантириш кўп жиҳатдан касаба уюшмалари ва уларнинг самарали фаолиятига ҳам боғлиқдир», — дея қўшимча қилди у.

Меҳнаткашларнинг умуммиллий байрами

«Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган, инсон қадри ва унинг шаънини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсатнинг амалий намоёни сифатида 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами мақомини бериш ва ушбу кунни дам олиш куни деб белгилашни таклиф этаман», — дея маълум қилди президент.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, ўтган даврда соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан 5425 нафар ишчи-хизматчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 11 млрд сўмга яқин маблағ ундирилган.

Шу билан бирга, меҳнат муҳофазаси бўйича 932 та корхона ва ташкилотдаги ходимларнинг ҳаёти ва меҳнати учун хавф туғдириши мумкин бўлган 5 мингдан зиёд камчиликнинг бартараф этилган.

Касаба уюшмалари фаоллари томонидан ёз мавсуми давомида республика бўйича 400 мингдан зиёд болаларнинг оромгоҳларда дам олишлари ташкил этилганини, 143 мингдан ортиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, 300 дан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг тизимга қарашли сиҳатгоҳларда имтиёзли тарзда соғломлаштирилган.

Касаба уюшмалари саройи

Касаба уюшмалари кунида Тошкентда Касаба уюшмалари саройи очилди. У пойтахт марказидаги Республика фонд биржасининг авваллари концерт зали ва театр бўлган собиқ биносига жойлашди. 2017 йил баҳорида президент «Жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий концерт зали» барпо этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган, шундан буён бино тақдири ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ эди.

«100 йилдан ортиқ тарихга эга, ўз вақтида миллий санъатимиз ва жаҳон маданиятининг машҳур дарғалари ўзининг бетакрор ва ёрқин истеъдодини намоён этган Тошкент шаҳри марказидаги собиқ маданият маскани бугун янги қиёфа касб этиб, „Касаба уюшмалари саройи“ сифатида қайта бунёд этилди», — дея таъкидлади президент.

«Ушбу санъат кошонаси касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракати билан ўзбек маданияти ва санъатини янада равнақ топтириш, ёш авлодимизнинг маънавий дунёсини юксалтиришдек эзгу ишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади, деб ишонаман», — деди у.