Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунлари бўйича 10 дан ортиқ кўп томонлама ҳужжатлар қабул қилинди, дея маълум қилди якуний брифингда ташқи ишлар вазири Владимир Норов.

Жумладан, «Туркий нигоҳ — 2040» концепциясини амалга ошириш доирасида 2022−2026 йилларга мўлжалланган Туркий давлатлар ташкилоти стратегияси қабул қилинди. «Бу ҳужжатнинг амалга оширилиши мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради», — деди Владимир Норов.

Шунингдек, аъзо давлатлар ўртасида Савдони енгиллаштириш стратегияси тасдиқланди ва Соддалаштирилган божхона коридорлари тизимини шакллантириш тўғрисидаги битим имзоланди.

«Туркий инвестиция фондини қисқа муддатларда ташкил этиш тўғрисидаги қарор ўзига хос бир ютуқ бўлди деб ҳеч шубҳасиз айта оламиз. Бу Ташкилот мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли лойиҳа бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда ва реал секторларда ҳамкорликни ривожлантиришда умумий кучли сиёсий-ҳуқуқий иродани намоён этди», — дея таъкидлади Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

Бундан ташқари, саммит доирасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун янги имкониятларни яратадиган Халқаро аралаш юк ташишлар тўғрисидаги битим ҳамда Транспорт боғлиқлиги дастури имзоланди.

Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш, унинг институционал асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Нахичеван битимига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Протокол ва Ташкилотнинг янги таҳрирдаги ички қоидалари қабул килинди.

«Улар Ташкилотимиз фаолиятида тенглик, ўзаро ҳурмат ва барча қарорларни консенсус асосда қабул қилиш каби ҳамкорликнинг асосий қадриятларига содиқликни тасдиқлайди», — дея қайд этди Владимир Норов.