Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёв мусулмон дунёси ёки мусулмонлар учун сезиларли даражада маданий, мафкуравий, молиявий, сиёсий ёки бошқа жиҳатдан ўзгаришларни амалга оширишга қодир шахсларни жамлаган «Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони» («The Muslim 500») рўйхатига киритилди.

2009 йилдан буён шакллантирилиб келинаётган ушбу рўйхатда илмий, сиёсий, диний, бизнес, фан ва технология, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда таъсир ўтказиш кучига эга бўлган шахслар (ҳатто экстремистлар ҳам) қўшиб борилади. Шавкат Мирзиёв ушбу рўйхатнинг 2023 йилги қисмида илк маротаба қайд этилди.

«2021 йилда президент Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз тўплаб, икки марта беш йиллик муддатга сайланди. Авторитар Ислом Каримов (вафот этгунга қадар 25 йил давлатни бошқарган)дан кейин у чуқур ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширди. Жумладан, хавфсизлик хизматлари ваколатларини чеклади, ташқи савдо ва инвестицияларни рағбатлантирди ва кўпроқ сиёсий эркинликка эътибор қаратди. Шунингдек, қўшни давлатлар — АҚШ, Хитой ва Россия билан яхши муносабатлар ўрнатди. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлишидан аввал 2013−2016 йилларда бош вазир лавозимида фаолият юритган», — деб ёзилади ҳисоботда.

Шунингдек, ушбу рўйхатда Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон президентлари ҳам бор.

Бундан ташқари, рўйхатга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг собиқ раиси, марҳум Усмонхон Алимов ҳам киритилди.

Алимов 2006 йилдан бошлаб вафот этгунига қадар Ўзбекистоннинг бош муфтийси бўлиб ишлаган.

У илгари муфтий бўлган Самарқанд вилоятида ўзининг қатъий позицияси ва экстремистларга қарши курашишдаги исботланган тажрибаси билан ҳурматга сазовор бўлган. Алимов 2007 йилда Тошкентни таълим, фан ва маданият бўйича Ислом ташкилоти пойтахти бўлишида катта ҳисса қўшган.