Хоразм вилоятида интернетдан фойдаланиши давомида Суриядаги халқаро террористик ташкилоти «жангари»ларининг таъсирига тушиб, уларнинг сафига чиқиб кетмоқчи бўлган аёл ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Аниқланишича, фуқаро А.С. ўзининг танишларига диний даъватлар қилиб, интернет орқали уларга «жангари»ларнинг қўпорувчилик фаолияти акс этган видеороликларни тарқатиб келгани айтилмоқда.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳибсга олинди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида террористик ташкилот аъзоси бўлган эркак хорижда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинганди. У ҳам нтернет тармоғи орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзолари билан доимий алоқада бўлган. Уларнинг таъсирида 2019 йилда Сурияга бориб, «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти сафига қўшилган ҳамда жанговар ҳаракатларда қатнашган.