Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Ўзбекистон — Венгрия Бизнес форумида ўзаро келишувга эришган барча ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кафолат берди.

Вазир бунга форумдаги нутқи давомида тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалари туфайли икки биродар мамлакатларимиз ҳамкорлиги мисли кўрилмаган чўққиларга етмоқда. Ўзаро савдо ҳажмларимиз жадал равишда ўсмоқда, 5 йил дамовида — 3 баробарга ошди. Қўшма корхоналар сони 15 тага етди ва инвестициялар ҳажми ошиб бормоқда, 2022 йилда — 30 млн доллардан ортиқ», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг октябрь ойида Венгрияга бўлиб ўтган расмий ташрифи якунлари бўйича қиймати 1 млрд доллардан ортиқ янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинди.

Вазир шунингдек, венгриялик ҳамкорларнинг тажрибаси ва илғор технологияларини тадбиқ этиш мумкин бўлган бир қатор йўналишларга қисқача тўхталиб ўтди.

Биринчи йўналиш. Ўзбекистоннинг қулай иқлими ва табиати туфайли энергиянинг қуёш, шамол ва сув каби қайта тикланувчи манбаларидан фойдаланиш зарур.

Ишлаб чиқаришлар қувватлари ошишини инобатга олиб, 2030 йилга бориб ушбу кўрсатгични 30 ГВт (гигаватт)га етказиш, муқобил энергия манбалари улушини эса 2026 йилгача 25 фоизга олиб чиқиш режалаштирилган.

«Бундай дастурларни фақат хусусий инвестициялар ҳисобига ва давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширамиз. Венгрия компанияларини ушбу лойиҳаларда иштирок этишга таклиф этамиз», — деди Жамшид Ходжаев.

Иккинчи йўналиш. Минерал ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта ишлаш каби лойиҳаларни амалга оширишда катта имкониятлар бор.

Масалан, Ўзбекистоннинг каолин захиралари 1,3 млрд тоннани ташкил этади. Барчага маълум, бу — санфаянс ва санитар керамикасини ишлаб чиқаришда асосий хом ашё ҳисобланади. Марказий Осиё мамлакатларида каолиндан тайёрланган маҳсулотлар импорти 500 млн доллардан ортади. Ўзбекистон бу йўналишда, албатта, Европанинг илғор технологияларини тадбиқ этиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан манфаатдор.

«Яна битта мисол. Ўзбекистонда ҳар йили 150 минг тонна мис ишлаб чиқариб, фақат 55 минг тоннасини қайта ишлаймиз. Бу хом ашёдан юқори талабга эга электр двигателлари, сим-кабель маҳсулотлари ҳамда маиший техника воситаларини ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил қилишимиз мумкин. Бундай маҳсулотлар импорти ҳажми Марказий Осиё мамлакатларининг ўзида 2 млрд доллардан ошади», — деди у.

Учинчи йўналиш. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича дунёда етакчилардан биридир.

Ўзбекистонда йилига 22 млн тоннадан ортиқ маҳсулот мунтазам равишда етиштирилади. Бироқ, бугунги кунда уларни қайта ишлаш ҳажми атиги 15 фоизни ташкил этмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш зарурати юзага келган бугунги геосиёсий шароитда Ўзбекистонда бу кўрсаткичларни ошириш бўйича аниқ режалар амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар ушбу имкониятлардан тўғри фойдаланса, шубхасиз юқори даромадга эга бўлиши мумкин бўлади, деди вазир.

Тўртинчи йўналиш. Авиация соҳасидаги юксак имкониятлар яратилмоқда.

«Биз Ўзбекистон аэропортларида „очиқ осмон“ режимини жорий этмоқдамиз. Хорижий авиаташувчилар сони ортиб бормоқда — сўнгги йилларда улар 10 тадан 25 тага кўпайди. Улар қаторига „Виз Эйр“ компанияси ҳам кирмоқда», — деди у.

Келгуси йилда ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини 7 млнга (бугунги кунда 3,5 млн), яқин келажакда эса 10 млнга етказиш бўйича аниқ режаларимиз бор. Бу борада сайёҳлар ва тадбиркорлар учун энг қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Бешинчи йўналиш. Ўзбекистон Марказий Осиёда маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоиздан ошириб, тўлиқ ишлаб чиқариш жараёни ташкил қила олган ягона енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

«Бугунги кунда автомобиль ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми йилига 300 мингтадан ошди. Сўнгги йилларда юзлаб корхоналарда автомобиль компонентларини ўзимизда ишлаб чиқаришга эришдик. Шу билан бирга, йилига қиймати 2 млрд доллардан ортиқ компонентларни импорт қилмоқдамиз», — деди бош вазир ўринбосари.

Автомобилларнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 500 мингтага етказиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу боис, эхтиёт ва бутловчи қисмларига талаб ортиб боради. Бу эса ўз ўрнида — Венгриялик ҳамкорлар билан биргаликда янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш учун асос бўлади, деди у.

Олтинчи йўналиш. Марказий Осиёда фармацевтика бозорининг ҳажми 6 млрд долларни, Ўзбекистонда эса — 2 млрд долларни ташкил этади.

Бугунги кунда, Ўзбекистон минтақада дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланади. Ички эҳтиёжимизнинг 50 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар таъминлайди.

Айни пайтда, фармацевтика корхоналаримиз қўшни бозорларни фаол ўзлаштиришмоқда ва бу йўналишда ҳам қўшма лойиҳаларни амалга оширишда катта имкониятлар мавжуд.

«Ҳар бир бизнес ташаббусни муваффақиятли амалга ошириш учун бизда барча зарур воситалар мавжуд. Биз инфратузилма, технология, ресурслар ва инсон капитали бўйича улкан салоҳиятга эгамиз. Энг муҳими, мамлакатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси ва қатъий қўллаб-қувватлашига таянамиз. Барчангизни ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга чақираман», — дея таъкидлади инвестициялар вазири.

Унинг сўзларига кўра, форумда Ўзбекистон томонидан иштирок этаётган вазирлик ва идоралар раҳбарлари тадбиркорлар ўз фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр.

«Ҳозир биздан амалий саъй-ҳаракатларни бошлаш ва янада кўпроқ ишлаш талаб этилади. Бир нарсани аниқ айта оламанки, Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлиги сифат жихатдан бутунлай янги босқичга олиб чиқилиши фақатгина икки мамлакат тадбиркорларига боғлиқ. Барчангизга „B2B“ ва „B2G“ музокараларда самарали натижаларга эришишингизни, Сизларнинг бугунги барча келишувларингиз алоҳида назоратга олинишини ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига кафолат бераман», — деди Жамшид Ходжаев.