8 ноябрь куни корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори [ПҚ-415-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 декабрдан тижорат ташкилотлари фаолиятида қуйидаги талаблар бекор қилинади:

Қуйидаги ташкилотларда ички аудитни ташкил этиш:

  • масъулияти чекланган жамиятлар;
  • активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 минг баробаридан кам, давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўп акциядорлик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари;

МЧЖнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш;

  • МЧЖнинг вакилларига умумий йиғилишда иштирок этиш учун бериладиган ишончномани нотариал тасдиқлаш;
  • МЧЖда захира жамғармаси ташкил этилганда, унинг миқдорини устав фондининг камида 15 фоизи этиб белгилаш.

2023 йил 1 мартдан унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамият шаклида юридик шахс ташкил этиш тўхтатилади.

2023 йил 1 апрелдан:

  • МЧЖ устав фондига қўшиладиган, қиймати БҲМнинг 10 минг бараваридан кўп пулсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас;
  • юридик шахслар қайта ташкил этилганда, корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади.

2023 йил 1 июлдан хўжалик жамиятининг филиаллари, ваколатхоналари ташкил этилганлиги ва унинг устав фонди шакллантирилганлиги ҳамда тўловга қобилиятсизлиги юзасидан иш қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)да эълон қилинади.